Мусулмонларни АҚШга киритмасликни мақсад қилган қарорларнинг қисқа тарихи

Президентлик кампанияси давомида Доналд Трамп бир неча марта мусулмонларни АҚШга киритмаслик кераклигини ва Президент бўлиб сайланган тақдирда буни амалга оширишини ваъда қилгани эсингизда бўлса керак. Ваъдаларига содиқ қолиб, Президент Трамп 2017 йил 27 январ куни бир нечта мусулмон давлатлар фуқароларини киритишни таъқиқловчи Қарорни (Executive Order 13769) имзолади.  Мазкур қарор халқ тилида “Muslim Ban” (Мусулмонларга қарши тақиқ) номини олди.  1-Қарор Америка ҳудудига 90 кун давомида 6 мусулмон давлат фуқароларини киритишни таъқиқлади.  Булар Ироқ, Сурия, Эрон, Ливия, Сомалия, Судан ва Яман. Шу билан бирга Суриядан муддатсиз равишда қочоқлар киритилишига таъқиқ қўйилди.

Эртаси куниёқ, яъни 2017 йил 28 январ куни, Ню Йорк штатининг федерал судяси (Judge Ann M. Donenelly) 1-Қарор амал қилишини қисман ва вақтинчалик тўхтатиб қўйди (Temporary restraining order). Сабаби даъвогарлар АҚШ Конституцияси билан кафолатланган қонуний жараён (Due process) ва тенг ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиш ҳуқуқлари (Equal protection) бузилганлигини исботлашлари мумкинлигини асослаб бердилар.  Ню Йорк судяси орқасидан Массачусетс штатининг судяси ҳам шундай қарорга келди.

2017 йил 30-январда Трампнинг 1-Қарорини ёқлаб чиқмагани учун Трамп Бош Прокурорни (Attorney General) ишдан ҳайдаб юборди.

Судда 1-Қарорни конституциявий жиҳатдан асослаб бўлмаслигини англаган ҳукумат, 2017 йил 6-феврал куни қарорга ўзгартиришлар киритди ва янги 2-Қарорни (Executive Order 13780) қабул қилди. 2-Қарор АҚШга кириши таъқиқланган давлатлар қаторидан Ироқни чиқариб, Ливия, Сомалия, Судан, Сурия ва Яманни қолдирди. Эртаси куниёқ Гаваи штати 2-Қарор бажарилиши устидан вақтинча таъқиқ (Temporary restraining order) қўйилишини сўраб, судга мурожаат қилди.  Суд даъвогарларнинг илтимосини асосли топиб, 2-Қарор бажарилишини вақтинча тўхтатиб қўйди.

Мусулмон ўлкалардан келаётганларни киритмасликни мақсад қилган қарорлар бу кўринишда ҳеч қачон суд томонидан маъқулланмаслигини тушунган АҚШ ҳукумати, 24-сентяб куни янги 3-Қарорни (Proclamation 9645) қабул қилди. Мазкур қарор Мусулмон давлатлар қаторига Мусулмон бўлмаган мамлакатларни ҳам қўшди. 3-Қарор кўпчилиги Мусулмон бўлмаган Чад ва Шимолий Корея фуқароларига қарши турли кўринишдаги виза чекловларини қўллади.

2017 йил 17 октябр куни 3-Қарор яна суд томонидан вақтинчалик тўхтатиб қўйлди. Аммо ҳукумат мазкур қарор устидан Олий Судга апеляция тартибида шикоят қилди ва Олий Суд қуйи судлар томонидан қўйилган вақтинчалик тўхтатиш қарорларини бекор қилиб, бутун апеляция қилиш жараёни тугагунига қадар 3-Қарор талаблари бажарилиши кераклигини айтди.

2017 йил 22 декабр куни федерал апеляция суди (9th Circuit Court of Appeals) 3-Қарорни моҳиятан (Merits) кўриб чиқиб, АҚШ Конституциясига зид эканлиги ҳақида қарор чиқарди.  Аммо апеляция жараёнида кўриб чиқилиши керак бўлган бошқа ишлар ҳали якунига етмагани сабабли, 3-Қарор ҳозирда амал қилмоқда.

Шу ўринда Америкадаги қонун устуворлиги ва судяларнинг мустақиллигига тан бермасдан иложи йўқ. Ҳукумат мусулмонларни киритмаслик учун бир йилдан бери ҳаракат қилмоқда, аммо қарорларнинг ижроси бирин-кетин суд томонидан тўхтатиб қўйилди. Бунда ўта фаол фуқаролик жамияти ва минглаб адвокатларнинг ҳиссаси ҳам катта. Ҳукуматнинг конституцияга зид ҳаракатларига қарши бошланган жанг нима билан тугашини кузатамиз. Ҳозирча эса Ўзбекистонда ҳам бир кун келиб кучли фуқаролик жамияти, мустақил судлов ва адвокатура, ва умуман қонун устуворлиги таъминланишини тилаб қоламиз.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*