Грин карта бекор қилин(а)дими?

Блог ишга тушганидан бери энг кўп сўралган саволлардан бири. Америка Овози муҳбирлари ва ҳуқуқшунос дўстим Нодир Закиров бу саволга аввал тўхталган эдилар.  Шундан бери АҚШ ҳукумати бу масала бўйича ҳали аниқ тўхтамга келгани йўқ.  Демак, охирги мурожаат қилиш санаси 2017 йил 22 ноябр бўлган (DV-2019) Грин Карта лотореяси бекор қилинмади.

Мазкур дастур 2018 йил ноябр ойида яна ўйналиши эса ҳали аниқ эмас.  Аммо Грин карта лоторея дастури бекор қилиниши ёки жиддий ўзгартиришлар киритилиши аниққа ўхшайди.  Сабаби, Грин Карта лотореяси орқали АҚШга иммиграция қилган Ўзбекистон фуқароси октябр ойида Нью Йоркда террор ҳужумини амалга ошириши натижасида саккиз киши вафот этди.  Бу эса дастурни бекор қилиш борасидаги баҳсларни яна жонлантириб юборди.  Ҳуруж ортидан Президент Трамп Грин Карта лоторея дастурини бекор қилишга чақирди.

Аммо Президент Трамп мазкур дастурни ўз ташаббуси билан бекор қила олмайди.  Сабаби Грин Карта лоторея дастури Конгрес томонидан қабул қилинган қонун (The Immigration Act of 1990) асосида амалда бўлгани сабабли, ушбу қонунни бекор қилиш ҳам Конгрес ваколатига киради.

Умуман олганда Грин Карта лоторея дастурини бекор қилиш ёки унга жиддий ўзгартиришлар киритиш ҳақида Конгресда консенсус шакилланган кўринади. Грин Карта лоторея дастурини ўзгартиришсиз қолдириш тарафдори бўлганлар эса йўқ ҳисобида бўлиб, асосан келишмовчилик ўзгартиришлар қай кўринишни олиши устида бораяпти.

1990 йилдан бери амалда бўлган мазкур дастурни бекор қилиш ёки ўзгартиришлар киритиш бўйича таклиф ва баҳслар аввал ҳам бўлган эди. Масалан, энг охирги марга бу масала Конгресда 2013 йилда кўтарилган, аммо охир-оқибат дастур ўзгартиришларсиз қолдирилди. Демак, бу сафар ҳам Грин Карта лоторея дастурини бекор қилиш анча вақт ва баҳс-музокараларни талаб қилишини кутиш мумкин.

Грин Карта лотореяси дастурини ўзгартириш борасида қуйидагилар таклиф қилинмоқда:

  1. Грин Карта лотореяси учун ажратиладиган 50 минг кишилик квотани кескин қистартириш, аммо дастурни давом эттириш (Республикачи сенатор Линдзи Грем ва демократ сенатор Ричард Дурбин таклифлари). Эслатма ўрнида, мазкур дастурдан асосий мақсад АҚШда кам учрайдиган миллат вакиллари учун иммиграция қилиш йўлини очиб беришдан иборат.
  2. Грин Карта лотореясини бутунлай бекор қилиб, мазкур дастур учун бериладиган 50 минг кишилик жойни бошқа иммиграция муаммоларини ҳал этиш учун ажратиш. Масалан, Грин Карта лоторея дастурини бекор қилиш натижасида пайдо бўлган жойларни ДАКАга бериш таклиф қилинган эди. Ёки бўлмасам, ҳар бир давлатдан йилига неча киши иммиграция қилиши мумкинлиги квота асосида тартибга солингани учун, баъзи давлат фуқароларининг АҚШга иммиграция қилиши йиллар давом этиши мумкин.  Грин Карта лоторея дастурига ажратилган жойларни шу давлатларга бериш орқали, кутиш муддатини (backlog) қисқартириш.
  1. Ва ниҳоят, Грин Карта лоторея дастуридан воз кечиб, иммиграция жараёнини Канадада амалда бўлган баҳо бериш тизимига алмаштириш. Бунда кишига таълими, иш тажрибаси, инглиз тилини билиши каби критериялар асосида бал берип,  тўпланган бал натижаларига қараб иммиграция қилишга рухсат берилади.

Иммиграция соҳасида ўзгаришлар қандай тус олишидан қатъий назар, бир нарса аниқ.  Бундан буён АҚШга иммиграция қилишга рухсат беришда кишининг қобилияти (merits) ва ҳунарлари (skills) табора кўпроқ аҳамиятга эга бўлади.  Ҳўш, АҚШга иммиграция қилмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари нима қилиши мумкин?

  1. Инглиз тилини ўрганинг. Грин Карта лотореясига қарши айтилган энг асосий танқидлардан бири бу инглиз тилини билмайдиган кишилар учун иммиграция қилиш эшиги очиб берилганидир. Бундан кейин АҚШга иммиграция қилиш учун инглиз тилини билиш талаб этилиши мумкин;
  2. Ҳеч бўлмаса бакалавр йўналиши бўйича ўқиб, дипломни қўлга киритинг. Бу сизнинг АҚШда иш топиб, мустақил кун кечира олишингиз эҳтимоли каттароқ эканлигини кўрсатади;
  3. Ҳунар ўрганинг, ўз соҳангизнинг мутаҳассисига айланинг. Статистик маълумотларга кўра, юқори малакали ҳамширалар, докторлар ва ИТ (Информацион технологиялар) соҳаси мутаҳассисларига эҳтиёж келаси йилларда ошиб боради. Соҳангизга тегишли йўналиш бўйича тренинг ва семинарларга қатнанг, малакангизни давомли ошириб боринг.

Ҳулоса шуки, ортиқча ҳавотир олишга ҳожат йўқ.  Табора глобаллашиб бораётган дунёда кишининг бир жойдан бошқа жойга кўчиб бориши осонлашаверади.  Аммо глобал бозор ва рақобат талабларига тайёр бўлишни ҳам унутманг.  Бунинг учун тилни билиш, университет дипломига эга бўлиш ва бирон ҳунар устаси ёки соҳа мутаҳассиси бўлиш талаб этилади.

*** Мақола чоп этилганидан бир кун ўтиб янги хабар тарқалди. 25 январ куни Washington Postда чоп этилган хабар умуман олганда юқорида муҳокама қилинган масалаларни тасдиқлайди. Қуйида хабарнинг ушбу мавзуга тегишли қисмини ўқишингиз мумкин:

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*