
АҚШга келганимга 12 йил бўлди. Бу вақт мобайнида иммигрант ва адвокат сифатида иммиграция жараёни ва қийинчиликлари билан яқиндан танишиб, иммигрантлар дардига қулоқ солдим. Ҳозир ўтган йилги ишларни сарҳисоб қилиб, 2019 йил учун янги мақсад ва режаларни қилиш вақти. Шу муносабат билан қуйида иммигрантлар 2019 йилда эътибор бериши керак бўлган 5 масалага эътиборингизни қаратаман.
1. Оилавий ҳаётингизни яхшиланг
Адвокат бўлганим сабабли ватандошлар мен билан боғланиб, оилавий муносабатлардан келиб чиқувчи ҳуқуқий муаммолар ҳақида маслаҳат қиладилар. Чет-элда жуда кўп оилаларда эр-хотин, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар осон кечмаяпти. 2019 йилда қандай бўлмасин, оиладаги ўзаро муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилинг. Оилада тинчлик бўлмаса, бошқа ҳеч қайси иш ва/ёки муносабатларда ҳузур ва барака бўлмайди. Нима бўлганда ҳам, оилавий можаролар издан чиқиши, ҳусусан зўравонликка йўл қўйманг. Акс ҳолда грин картангиз бекор қилиниши ва сизга қарши депортация жараёни бошланиши мумкин. Бордию муаммоларни яхши томонга тузатишнинг иложиси бўлмаса, унга қонун ва одоб-аҳлоқ доирасида якун ясаб, шахсий ҳаётингизда янги саҳифа очишга ҳаракат қилинг.
2. Иш ва даромадингизни қайта кўриб чиқинг
Ҳозир бажараётган ишингиз, танлаган касбингиздан мамнунмисиз? Йиллик даромадингиз ортяптими? Ундай бўлмаса, яхшироқ даромад келтирадиган, сизга маъқулроқ, мазмунлироқ касб/иш топиш вақти келди. Америкада бу борада имкониятлар чексиз. Кеча боғчада ишлаган киши бугун юк ташиш машинаси ҳайдовчиси (truck driver) бўлиб ишлашни бошлаши оддий ҳолат. Ёки, бутун умри ошхонада ошпаз бўлиб ишлаган киши бугун ИТ мутахассислиги бўйича таҳсил олиб, дастурчи-програмист бўлиб ишлаши мумкин. Энг муҳими, янги имкониятларга очиқ бўлиш, қисқа муддатли қийинчиликлардан қўрмаслик ва ҳамиша янги ютуқ, муносиброқ/мазмунлироқ ҳаёт кечиришга интилиш керак.
3. Харажатларингизга эътиборли бўлинг
Америкада пул топиш осон, аммо тежаш қийин. Афтидан даромадимиз ёмон эмас, аммо ҳаммасини харажат қилиб юборяпмиз. Статистик маълумотларга кўра, 35 ёшга тўлмаганларнинг жамғарма ҳисобида (savings account) ўртача $1580, банк ҳисобида (checking account) эса $1200. Йиллик даромади $70000гача (ойига тахминан $5800 дегани) бўлганларнинг жамғарма ҳисобида $2200, банк ҳисобида эса $1700. Кўриб турганингиздак, Америкада пул тежай олиш жиддий муаммо.
Хўш, ойлик даромаднинг қанчасини тежашимиз керак? 50/30/20 қоидасига кўра, даромаднинг энг камида 20% тежаш ва кўпи билан 50% мажбурий тўловларга сарфланиши керак (булар озиқ-овқат, уй пули/кираси, коммунал хизматлар, суғурта, ва ҳкз.). Даромад қанча бўлишидан қатъий назар, агар ойига ҳеч бўлмаса 20% жамғармаётган бўлсангиз, демак ҳаддан ташқари кўп харажат қилаяпсиз ёки даромадингиз жуда кам.
Шу ўринда ватандошлар орасида янги машина сотиб олиш маниясига ҳам тўхталиб ўтиш керак. Мутахассисларга кўра янги машина сотиб олиш катта миқдорда пул ёқотиш демакдир (сабабини бу ерда тамоша қилинг). Янги машина ўрнига беш-олти йиллик машина сотиб олиш тўғрироқ эканлиги айтилади.
4. Янги жойга кўчиб кетишга иккиланманг
Америкада имкониятлар, кўпинча, сиз истиқомат қилаётган маҳаллага боғлиқ. Уй/кира нарҳлари қиммат бўлган маҳаллаларда, масалан, мактаблар, кутубхоналар, спорт тўгараклари, ва турли тадбирларнинг сифати арзонроқ жойларга қараганда анча юқори бўлади. Шундай экан, ҳозир яшаб турган жойингиздан мамнунмисиз? Фарзандларингиз яхши таълим олиши учун шароит ва имкониятлар борми? Ундай бўлмаса, бошқа маҳаллага ёки штатга кўчиб кетишга қўрқманг. Америка Ню Йорк шаҳридан иборат эмас. Америкада иш ҳамиша топилади, аммо сифатли таълим ва фарзандларингиз учун имкониятлар бир жойдан иккинчисига қаттиқ фарқ қилишини унутманг.
5. Иммигрант сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни билинг
Иммигрант сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни билмаслик ёки эътиборсиз бўлиш жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, полиция ходими билан муомала қилишда ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни билишингиз керак (кўчада ёки машинангиз тўхтатилганда). Солиқ тўлаш мажбурият бўлиш билан бирга, тегишли солиқ декларациясини тўғри тўлдириш жуда муҳим. Бу борада ҳар бир хатонинг жиддий иммиграцион оқибатлари бор. Масалан, ёлғон маълумот кўрсатиш грин картангиз бекор бўлишига, йиллик даромад кам кўрсатилиши эса келажакда оила аъзоларингизни чақиришда муаммолар туғдириши мумкин.
Иммиграция мақомига эътиборсиз бўлган ватандошлар ҳам жуда кўп. Грин картани минг азоб билан қўлга киритиб, кейинчалик эътиборсизлик сабабли мақомини йўқотаётганлар бор. Шу сабабли ҳуқуқий масалаларни ташлаб қўйманг. Иложи бўлса малакали адвокат ёлланг. Имконингиз бўлмаса, ўзингиз эҳтиёткорлик билан ҳужжатларни тўлдириб, тегишли идорага юборинг.
Менда энг асосий маслаҳатлар юқоридагилардан иборат. Сиз, Америкада истиқомат қилаётган иммигрант сифатида, яна нималарни таклиф қилган бўлар эдингиз?
Be the first to comment