
Куни-кеча Президентнинг «Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (жуда секин юкланяпти) қабул қилинди. Қарорга Илова сифатида ватандошлар билан ҳамкорлик қилишнинг давлат сиёсати Концепцияси ҳам қабул қилинди. Хўш, Концепциянинг асосий қоидалари нима? Камчиликлар нимада?
Концепциянинг асосий бандлари нима ҳақида?
1. Ватандош тушунчаси: Концепцияда ким ватандош, деб ҳисболаниши айтилади. Жумладан, қуйидагилар ватандошлар қаторига киритилади: а) чет элда вақтинча юрган Ўзбекистон фуқаролари; б) хорижга чиқиб, чет эл фуқаролигини олган, Ўзбекистонга маънавий ва маданий нутқаи назардан мансубликни ҳис қилган шахслар; c) этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган ҳамда Ўзбекистон билан алоқада бўлиш хоҳишида бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.
2. Ҳуқуқ ва эркинликлар ҳимояси: Концепцияда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принтсиплари ва нормалари, хорижий давлат қонунлари ва Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари асосида чет эллардаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш асосий мақсадлардан бири эканлиги айтилади. Бу жуда яхши, зеро хорижий давлатларга ишлаш ва яшаш учун чиқиб кетаётган ватандошлар доимий тарзда ҳуқуқий ҳимояга муҳтож. Буни энг аввал Россияда меҳнат муҳожири сифатида ишлаб юрган ватандошлар мисолида кўриш мумкин.
3. Иқтисодий ҳамкорлик: Концепцияда иқтисодий ҳамкорликка алоҳида урғу берилади. Ҳусусан, молиявий-иқтисодий ва интеллектуал-технологик салоҳиятга эга ишбилармон доира вакилларини, сармоядорларни, халқаро молия институтлари ходимлари ва мутахассис ватандошларни жалб қилиш, уларга Ўзбекистонда фаолият юритишларига шароит яратиб бериш белгиланган.
4. Ватандошларни қўллаб-қувватлаш: Концепцияда Ўзбекистон ривожланишига ҳисса қўшмоқчи бўлган ватандошларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилиши, жумладан: а) кириш визаларини соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш; б) давлат тасарруфида бўш турган обектларни тадбиркорлик, инновацион, илмий-тадқиқот ва бошқа дастурлар учун ажратиб бериш; c) юқори малакали ватандошларни давлат органларига раҳбарлик лавозимларига маслаҳатчи сифатида жалб қилиш; д) соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролигини бериш каби чоралар назарда тутилган («Ватандош паспорти»).
Камчиликлар нимада?
1. Ватандошларга бирдек қараш керак: Концепцияда «ватандошлар» тушунчасига тор қаралганини кузатиш мумкин. Жумладан, “этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган” шахслар дейилади. Аммо рус, тожик, татар, уйғур бўла туриб ҳам ўзини ўзбекистонлик деб билган минглаб ватандошларимиз бор. Шу сабабли Концепцияда ватандошлар тушунчаси алоҳида этник белгига қараб белгиланмаслиги тўғрироқ бўлар эди.
Бундан ташқари, Концепцияда «Ўзбекистоннинг ривожланишига ҳисса қўшмоқчи бўлган ватандошларимизга» ҳар томонлама кўмак кўрсатилиши айтилади. Бу ерда ким ҳисса қўшмоқчи эканлиги қандай аниқланади? Мазкур қоида давлат сиёсатига танқидий ёндашган ва/ёки сиёсий оппозиция аъзоси бўлган ва/ёки чет элда сиёсий бошпана олган ватандошларимизга амалий ёрдам бермаслик учун асос бўлмаслиги керак. Давлат органлари ватандошларга, уларнинг ҳисса қўшиш ниятидан қатъий назар, барчасига бирдек хизмат кўрсатиши керак.
2. Фуқаролиги бекор қилинган ватандошлар: Эркин фикр билдириши, давлат сиёсатини танқид қилиб ва/ёки чет элда жойлашган ОАВ ёки нодавлат ташкилотларида фаолият юритгани учун фуқароликдан маҳрум қилинган юзлаб ватандошлар бор. Уларнинг фуқаролиги амалдаги қонунчиликни қўпол бузган ҳолда бекор қилинган. Бу масалада 2016-йилда батафсил ёзганман. Амалдаги қонунчиликда фуқаролик шахс билан давлатнинг доимийсиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди (1-модда, Фуқаролик тўғрисидаги Қонун), деб айтилишига қарамасдан, чет элда истиқомат қилаётган юзлаб ватандошларнинг Ўзбекистон фуқаролиги қўпол протсессуал хатолар билан бекор қилинган. Уларнинг фуқаролиги тикланиши керак.
3. Чет элда сиёсий бошпана олганлар: Концепцияда чет элда сиёсий бошпана олган ватандошларга амалий кўмак бериш назарда тутилмаган. АҚШ мисолида Ўзбекистон фуқаролари томонидан йилига ўртача 180-200 киши сиёсий бошпана олади. Ҳисобни 1991 йилдан оладиган бўлсак, бугунгача минглаб киши хорижий давлатларда сиёсий бошпана олган. Афсуски, бу йўл билан чет элда доимий яшаб келаётган фуқароларга ёрдам бериш борасида жиддий камчиликлар кузатиляпти. Ҳусусан, консулликлар томонидан сиёсий бошпана олган ватандошларга Ўзбекистонга бориш борасида кўмак берилмаяпти. Бу эса ачинарли ҳолат. Тўғри, ватандошлар орасида ёлғон маълумот бериш орқали сиёсий бошпана олганлар бор. Аммо бу жуда кичик гуруҳ. Сиёсий бошпана олганларнинг аксарияти жиддий таъқиб ва тазъиқлар оқибатида Ўзбекистонни тарк этган, сиёсий бошпанага мурожаат қилган. Қолаверса, ўтмишда инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги борасида жиддий муаммолар бўлганини Президент ва вазирлар ҳам қабул қилди.
Хулоса ўрнида
Умуман олганда, Концепциянинг ишлаб чиқилиши чет элда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиш борасида қўйилган жиддий қадам. Аммо Концепцияда санаб ўтилган мақсадларни амалга ошириш учун юқорида тилга олинган ҳусусларга эътибор берилиши керак.
Be the first to comment