Инглиз тилини тез ўрганиш учун 5 маслаҳат

Менга энг кўп бериладиган саволлардан бири тил ўрганиш билан боғлиқ: “Инглиз тилини қандай тезроқ ўргансам бўлади?” Шу сабабли, мазкур мақолада ҳар қандай тил ўрганишда асосий эътиборни нимага қаратиш кераклиги ҳақида 5 маслаҳат бермоқчиман:

Инглиз тилини тез ўрганиш учун 5 маслаҳат

Менга энг кўп бериладиган саволлардан бири тил ўрганиш билан боғлиқ: “Инглиз тилини қандай тезроқ ўргансам бўлади?” Шу сабабли, мазкур мақолада ҳар қандай тил ўрганишда асосий эътиборни нимага қаратиш кераклиги ҳақида 5 маслаҳат бермоқчиман.

1. Мақсадни аниқ белгилаб олинг

Аниқ мақсадсиз бирон ишда, ҳусусан тил ўрганишда, муваффақиятга эришиш мумкин эмас.  Шу сабабли, инглиз тилини ўзи нимага ўрганмоқчи эканлигингиз ҳақида мулоҳаза қилинг. Талабалигимда ўқишдан кейин ҳусусий тил ўқитиш марказида инглиз тилидан дарс берганман. Илк дарсни ҳамиша “Why do you want to study English?” саволидан бошлар эдим. Афсуски, синфнинг ярмидан кўпи аниқ мақсадни айта олмас эди. Соддалик билан “Ота-онам юбораяпти, фойдаси тегиб қолар,” дейдиганлар кўп учрар эди.

Тил ўрганиш узун ва машаққати жараён бўлгани сабабли, бу йўлга аниқ мақсадсиз чиққан киши тилни ҳеч қачон ўргана олмайди. Аксинча, олдингизга қўйган мақсадингиз қанча жиддий бўлса, тил ўрганиш шунча тез ва самарали кечади.

Мақсадни ҳамма шарт-шароитидан келиб чиқиб белгилаши мумкин. Масалан, мактаб талабаси “Икки йил ичида инглиз тилини ўрганиб, Вестминстер университетига грант асосида ўқишга кираман” деб мақсад қилиши мумкин. Талаба эса “TOEFLга тайёрланиб, Америка университетларига грант асосида магистратурага ўқишга кираман” деб ният қилиши мумкин. Ишбилармон киши эса “Инглиз тилини ўрганиш орқали бизнесимга тегишли янги ноу-ҳауларни ўрганиб, компаниямни 5 йилда дунё бозорига олиб чиқаман” деб мақсад қўйиши мумкин. Унутманг, мақсад қанчалик жиддий бўлса, тил ўрганиш шунча тез ва самарали кечади.

2. Тил асосини такрорлаш ташкил этади

Тилни доимий такрорлашсиз ўрганиб бўлмайди. Кунига 10 янги сўз ёдлашингиз мумкин, аммо бу сўзларни 1-2 кундан кейин ва кейинчалик такрорламасангиз эсингиздан чиқиб кетиши аниқ. Бунда энг самарали йўллардан бири флеш карталардир. Ёки бўлмаса, кўзингиз энг кўп тушадиган жойлардан самарали фойдаланишингиз мумкин. Шахсан мен компютер монитори атрофи ва каравотим тахтасига янги ўрганган сўзларни кичик қоғоз парчасига ёзиб ёпиштириб қўярдим. Янги сўзлар осонроқ эсингизда қолиши учун, уларни жумла ичида қўллаш орқали ўрганишингиз мумкин.

3. Мулоқот қилинг

Тил мулоқот воситасидир.  Шу сабабли тилни ўрганиш ва ривожлантириш учун, табиийки,  мулоқот қилишингиз керак. Мен талаба бўлган вақтларимда турли кутубхона ва ресурс марказларида Speaking Club’lar бўлар эди.  Ҳали равон гапира олмасангиз ҳам иштирок этишга қўрқманг. Тилни билиб бу каби суҳбатларда иштирок этишга уялган кишидан тилни ҳали тузукроқ билмаса ҳам гапиришга ҳаракат қилган киши ютади. Хуллас, инглиз тилида гапиришга ҳеч қачон уялманг.

Ёки бўлмаса, давомий инглиз тилини машқ қилиш учун шерик топинг. Тилни бир ёки бир-нечта шерик билан ўрганишнинг яна бир фойдали томони шундаки, бу усул шериклар орасида ўзига ҳос рақобат муҳитини яратади. Маҳалладошингиз ёки мактабдаги синфдошингиз сизга шериклик қилиши мумкин. Ҳар ҳафта энг камида 30 янги сўз ёд олишга ва якшанба куни учрашиб, бир-бирингизни синашга келишиб олсангиз, шеригингиздан орқада қолмаслик учун сўзларни албатта ёдлашга ҳаракат қиласиз.

4. Тил ўрганиш жараёнини ҳаёт тарзингизга мослаб боринг

Инглиз тилини ўрганиш жараёнини ҳаёт тарзингизга мослаб боринг. Масалан, ҳар куни университетга метрода қатнасангиз ҳафтада энг камида 30-40 дақиқа вақтингиз метрода кечади (ҳар томонга15-20 дақиқа ҳисоблаганда). Демак, метродаги вақтингиздан унумли фойдаланиш учун турли Listening Comprehension’ни ривожлантиришга қаратилган машқларни тинглаб кетишингиз мумкин (масалан, Investudy English подкастларини). Ёки бўлмаса, мен талаба бўлган вақтларимда дарслар бекор қилиниши кўп учрарди.  Бу дегани орада энг камида 1 соат кейинги дарсни кутишим керак эди.  Сизда ҳам шу каби ҳолатлар учраб турса, бу вақтни кутубхонага кириб фақат инглиз тили билан боғлиқ бўлган ишларга сарфлашингиз мумкин. Ёки, турли жанрларда кино кўрмайдиган киши топилмаса керак.  Кино кўрмоқчи бўлсангиз, уни инглиз тилида субтитрлари билан тамоша қилинг.

5. Смартфонингиздан самарали фойдаланинг

Тил ўрганиш узун ва машаққатли жараён бўлгани сабабли, уни иложи борича осонлаштиришга ҳаракат қилишингиз керак. Бунда сизга смартфонингиз қўл келади.  Смартфонларга ўрнатиб олиш мумкин бўлган бепул инглиз тилини ўрганиш дастурлари бор. Улар орасида энг машҳурлари бу Duolingo ва Memrise. Duolingo ва Memrise бир бирига ўхшайди. Аммо энг биринчи кўзга кўринадиган фарқи Duolingo’da сўзлар кўпроқ American English’да, Memriseда эса British English’да талаффуз этилади. Инглиз тилини бир оз билган киши эса TED суҳбатларини тинглиши мумкин. Смартфонингизга TED’ни ўрнатганингиздан кейин, Settings бўлимида English subtitles’ни танласангиз, суҳбатни субтитрлар билан тинглашингиз мумкин.

Тил ўрганиш осон эмас. Бунда сизга олдингизга аниқ мақсад қўйиш,  янги сўзларни давомий такрорлаб бориш, фурсат бўлганда уялмасдан мулоқот қилиш, инглиз тилини ўрганиш жараёнини ҳаётингизга мослаштириб бориш ва ниҳоят, технологиядан самарали фойдаланиш талаб этилади.  Омад!

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*