
Ватандошларимиз орасида турли касб эгаларини учратиш мумкин. Охирги йилларда тиббиёт соҳасида жиддий ютуқларга эришаётган ватандошларимиз сони кўпаяяпти. Ҳусусан улар орасида ҳамшира бўлиб ишлаётганлар сони ортмоқда. Ҳисоботларга кўра, Америкада ҳамшираларга бўлган эҳтиёж 2026 йилгача 15% ортади.
Бугунги суҳбатдошимиз Нилуфар Салимова. Асли Самарқанд шаҳридан бўлиб, Ню Йорк штатига 2009 йилда оиласи билан иммиграция қилган. Нилуфар Америкага келганида инглиз тилини билмасди. Тез орада ASA College’да тилни мукаммал ўрганиб, тиббиёт соҳасида таҳсил олиш бўйича орзуларини амалга оширишга киришди. Американинг энг нуфузли университетларидан бўлмиш Ню Йорк университетига (New York University) ҳамширалик йўналишига ўқишга кириб, муваффақиятли битирди. Бугун эса Нилуфар РН ҳамшира (Registered Nurse: Америкада ҳамшираларнинг бир неча тури мавжуд бўлиб, мазкур мақолада Registered Nurse бўлиб ишлашни RN ҳамшираси деб номладик) бўлиб ишлайди.
Нилуфар билан RN ҳамшира бўлиш машаққатлари ҳақида суҳбат қилдик. Хўш, Нилуфар бу касбни нимага танлади? Ҳамшира бўлиш масъулиятлари нимадан иборат? RN ҳамшира бўлиш учун қандай босқичлардан ўтиш керак?
Нимага RN ҳамшираси бўлишни мақсад қилдингиз?
Ҳар бир инсон вояга йетиб ўзлигини англай бошлар экан, у атроф муҳитидаги инсонлар, содир бўлаётган воқеалар, қисқа қилиб айтганда уни қамраб олган кичик дунёсига қараб ўз дунёсини қура бошлайди. Менинг RN ҳамшираси бўлишимга бир қатор омиллар туртки бўлди. Биринчидан, мен доимо тиббиёт соҳасида қизиқиб келганман ва беморлар билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг оғир дамларида ёнларида бўлиб ҳаётларини сақлаб қолишда ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман. Бу мақсадга нафақат RN ҳамшираси, балки шифокор, шифокор ёрдамчиси (Physician Assistant) ва бошқа бир қатор касб эгалари бўлиб ҳам эришиш мумкин. Лекин мен бир неча ой шифохоналарда амалиёт ўтказиб, мен учун айнан RN ҳамшираси бўлиш мақсадга мувофиқ йўл эканлигига амин бўлдим.
RN ҳамшираси бўлиш босқичлари нимадан иборат?
АҚШда RN ҳамшираси бўлиш учун аввало ўрта мактаб дипломига (High School Diploma) эга бўлиш керак. Ундан кейин эса ушбу йўналиш бўйича бўлими бор бўлган коллеж/университетга (АҚШда “college” университетни билдиради) кириб, 4 йил давомида Бакалавр даражаси дипломини эгаллаш керак.
Аввало 1.5-2 йил давомида махсус тайёрлов курсларини намунали тугатиб олиш зарур. Булар асосан биология, микробиология, одам анатомияси, кимё, статистика, инглиз тили адабиёти, психология ва бир қатор бошқа дарслардан ташкил этади. Ундан кейин эса “nursing” (ҳамширалик) соҳасига кириш учун талаб этиладиган кириш имтиҳонига тайёргарлик кўриб, имтиҳонни муваффақиятли топшириш керак. Дастурга қабул қилингандан сўнг эса яна 1.5-2 йил давомида махсус ҳамширалик курслари олинади. Ўқишнинг охирги йили асосан амалиёт машғулотлари билан ўтади. Ҳамширалик курсларини муваффақиятли тугатгандан сўнг Бакалавр дипломи берилади.
Дипломга эга бўлганингиздан сўнг эса охирги босқич, давлат имтиҳонига тайёргарлик кўришингиз керак. Бу имтиҳон NCLEX деб номланиб, унда сизнинг 4 йил давомида эгаллаган билимларингиз имтиҳон қилинади. Ушбу имтиҳондан муваффақиятли ўтганингиздан кейингина сизга лицензия, яъни амалиёт/ишлаш ҳуқуқи берилади.
Шу соҳа бўйича АҚШдаги университетларга ҳужжат топширмоқчи бўлганлар нималарга эътибор беришлари керак?
Университетларда ушбу йўналишда айни дамда рақобат кучли бўлгани учун, кириш олдидан маълум даражадаги баҳо рейтингига (GPA) эга бўлиш, жамиятдаги фаоллик ишларини кўрсатиш (social activism and volunteering), тавсияномаларга (recommendation letters) эга бўлиш ва албатта кириш имтиҳонини қониқарли даражада топшириш керак бўлади.
RN ҳамшираси бўлиш учун махсус имтиҳондан ўтиш талаб этиладими?
Юқорида таъкидланганидек, NCLEX деб номланган давлат имтиҳонидан ўтилсагина RN ҳамшираси лицензияси ва ишлаш ҳуқуқи берилади. Ушбу давлат имтиҳони ўзига яраша қийин бўлиб, унга жиддий тайёргарлик кўриш керак. Имтиҳонни қониқарли топшира олмаганларга маълум вақтдан кейин қайта топшириш имкони берилади.
Иш қидириш жараёни қандай кечади?
Ишга кириш жараёнининг ҳам ўзига хос талаблари мавжуд. Аввало юзлаб аризачилар ичидан талабларга жавоб берадиган ўнлаб талабгорлар танлаб олинади. Мана шу қабул қилинганлар сизнинг рақобатчиларингиз бўлади. Улар билан ишга қабул қилинишнинг охирги босқичида рақобат қиласиз. Мазкур босқич суҳбат (Interview) босқичи бўлиб, энг асосий ва ҳал қилувчи босқичдир. Айнан шу 1-2 соат давом этадиган суҳбатдан ўтиш босқичида сиз қандай қобилиятларга эга эканлигингизни ва сиз ишга қабул қилинаётган жойга қандай фойда келтиришингизни кўрсата олишингиз керак.
Иш тартиби қандай?
РН ҳамшираларнинг иш тартиби кўпинча ҳафтасига 3 кун, кунига 12 соат ишлашдан иборат. Хоҳишингизга қараб кунлик ёки кечки сменада ишлашингиз мумкин. Қолган кунларни эса бемалол оила даврасида, ўқишни давом эттиришингиз (ҳамшираликнинг Магистратура ёки Докторантура йўналишлари бўйича) ёки бошқа сизни қизиқтирадиган ишингиз билан шуғулланишигиз мумкин.
Асосий иш мажбуриятлари нимадан иборат?
RN ҳамшираларнинг асосий масъулиятлари (шифохона шароитида), жумладан, қуйидагилардан иборат:
- Ҳар қандай муолажа бошлашдан олдин беморнинг соғлиғи ҳақида маълумот олиш, ўрганиб чиқиш ва беморни тўла жисмоний текширувдан ўтказиш?
- Беморнинг ташхиси, даволаниш режаси, тайинланган дори-дармонлардан келиб чиқиб, беморга соғлиқни асрашга доир маълумот ва маслаҳат бериш, даволаниш жараёнида беморнинг ўзи ҳам ўта аҳамиятли рол ўйнашини тушунтириш?
- Беморга шифокор томонидан тавсия этилган дори-дармонлар ҳақида тўлиқ маълумот бериб, уларнинг ўз вақтида ва тегишли усулда беморга йетказиб бериш?
- Шифохона шароитида кўпинча беморларнинг тиббий аҳволи кескин ўзгариб қолиши мумкин. Бундай вазият рўй берганда бемордан муҳим ва тегишли маълумотларни қисқа вақт ичида йиғиб, уларни шарҳлаб, керакли қарорлар қабул қилиш керак. Шифохонада ҳар бир дақида бемор учун ҳал қилувчи вақт ҳисобланади. Шунинг учун фавқулотда вазиятларда тез ва тегишли қарор қабул қилиш, шифокор ва бошқа мутахассислар билан керакли вақтда алоқада бўлиш жуда муҳим?
- МА (Medical Assistant), PCT (Patient Care Technician)/CНА (Certified Nursing Assistant), LPN (Licensed Practical Nurse) каби RN ҳамшираларнинг ёрдамчилари вазифаларини бевосита назорат қилиш?
Ҳамшира касбининг қандай турлари мавжуд?
Registered Nurse касибини эгаллаш анча машаққат ва вақт талаб этади. Кўп вақт ва босқичлар жараёнидан ўтиш имконига эга бўлмаганлар учун муқобил вариантлар ҳам мавжуд. Масалан:
– LPN (Licensed Practical Nurse) – LPN бўлиш учун 1-2 йил таълим олиб давлат имтиҳонидан ўтиш керак. LPN соҳасидагиларнинг таълим даражаси, амалиёт доираси ва ишдаги жавобгарликлари RN ҳамшираларникига ўхшаш бўлса ҳам, нисбаттан кичикроқ бўлади.
– МА (Medical Assistant) – Бу соҳа эгалари кўпинча клиника, тиббий оффислар ва мактабларда иш юритишади. Улар иш жойларида беморларни қабул қилиш, уларнинг асосий тиббий маълумотларини олиш, асосий белгиларини (қон босими, юрак уриш тезлиги, тана ҳарорати, ва ҳоказо) ўлчаб, рўйхатга олиш ва бошқа маъмурий ва клиник вазифаларни бажаришади. Қолаверса, ихтисослашган клиникаларда улар бевосита шифокорларга турли тиббий амалиётларга ёрдам беради. Ўқиш жараёни 9 ойдан 24 ойгача давом этиши мумкин.
– CNA (Certified Nursing Assistant) – CNAлар асосан RN ва LPNларнинг назорати остида иш юритишади. Улар шифохоналарда, реабилитацияларда, узоқ муддат парваришлаш муассасаларида ишлашади. CNAлар беморлар билан кўпинча бевосита мулоқотда бўлиб, уларга ҳар томонлама далда бўлиб, ҳар қандай эҳтиёжларини қондиришга, оғир дамларда кўмак берадилар. Ҳар қандай кутилмаган тиббий ўзгаришларни ўз вақтида ҳамширага йетказишади. CNA бўлиш учун тахминан 6-9 ой ўқиб сертификат олиш керак.
Меҳнат бозорида RN ҳамшираларга эҳтиёж қандай?
АҚШ соғлиқни сақлаш муассасаларида (шифохона ва турли клиникалар) RN ҳамширалар жуда катта рол ўйнайди. Бундан ташқари айни дамда бу соҳа кескин ўсиб ва ривожланиб бораётган касблардан бири ҳисобланади. АҚШда ҳамшира бўлиш жуда катта машаққат ва масъулият талаб этсада, бу соҳада ишлаш жуда қизиқарли, имтиёзли ва имкониятларга бой. Охирги йилларда ўтказилган сўровномаларга биноан 90 фоизга яқин ҳамширалар (RN) ўз касбидан хурсандлигини айтадилар.
Ўртача йиллик даромади қанча? Ижтимоий имтиёзлар борми?
Айни дамда АҚШ бўйлаб ҳамшираларнинг йиллик иш ҳақи $70, 000га яқин. Ню Йорк, Масачусетс ва Калифорния каби нисбаттан бой штатларда эса йиллик иш ҳақи $100, 000 атрофида. Ушбу рақамлар иш жойига (клиника, мактаб, тиббий оффис ёки шифохона) ҳам қараб ўзгаради. Бундан ташқари, кўп жойларда RN ҳамшираларга тўлиқ тиббий суғурта, ногиронлик ва ҳаёт суғуртаси ва бир қатор ижтимоий имтиёзлар ҳам берилади.
Ушбу мақола ёки берилган маълумотлар борасида фикрингиз, саволларингиз ёки таклифларингиз бўлса қуйида қолдиришингиз мумкин. Нилуфар саволларнигизга жавоб беришга ҳаракат қиладилар.
Be the first to comment