АҚШда 401(К) пенсия жамғармаси нима?

Молиявий маслаҳатчи (Financial Adviser) Жамшид Усанов билан аввал АҚШда нафақа тизими қандай ишлаши ҳақида суҳбат қилган эдик. Бу сафар Жамшид АҚШда нафақа жамғармаси қандай шаклланиши ва ҳусусан энг кенг тарқалган 401(К) ҳақида тўлиқроқ маълумот беради.

Нафақа жамғармаси манбалари

АҚШда нафақа асосан учта манба орқали таъминланади:

  • давлат томонидан бериладиган нафақа тўлови;
  • ишхона ҳомийлик қиладиган (ҳисса қўшадиган) нафақа планлари; ва
  • шахсий жамғармалардан йиғиладиган нафақа фонди.

Аввал чоп этилган мақолада ушбу ресурслардан бири – давлат томонидан бериладиган нафақа тўловлари ёритилган эди.  Бугунги мақолада ишхона томонидан ҳомийлик қилинадиган ва ҳисса қўшиладиган нафақа планлари, уларнинг турлари, ишлаш тартиби, солиққа тортилиши ҳақида қисқача маълумот берилади.

Ишхона ҳомийлик қиладиган нафақа плани нима?

Бу ўз номи билан айтилганидек ишчининг нафақаси мақсадида жамғариладиган ва у ишлаб турган корхона томонидан очиладиган жамғарма ҳисобидир.  АҚШда бу турдаги жамғарманинг асосий икки тури мавжуд:

Махсус нафақа плани ишчининг корхона учун ишлаган йиллари ва ойлиги асосида ҳисобланиб чиқариладиган ва одатда ўша корхона томонидан таъминланадиган нафақа плани бўлиб, ҳозирги кунда АҚШ иш берувчиларининг фақатгина 4% бу каби нафақа планларига ҳомийлик қилишади.  Шунинг учун ҳам бу мақолада кўпроқ Махсус ҳисса қўшиш плани ёритилади.

Махсус ҳисса қўшиш плани нима?

Бу план ишхона томонидан очиладиган нафақа плани бўлиб, унга иш берувчи, ишчининг ўзи ёки иккаласи ҳам ҳисса қўшишлари мумкин. Махсус ҳисса қўшиш плани кўринишда бўлиши мумкин:

  • 401(k) va 403(b);
  • Ишхона акциясига эгалик ҳуқуқи (Employee stock ownership plans); ёки
  • Ишхона фойдасини бўлишиш (Profit sharing plans).

Булар ичида энг кенг тарқалгани 401(k) ҳисобидир. Бу планда қатнашувчи ҳар бир ишчи учун шахсий ҳисоб рақами очилади.  Бу ҳисоб рақамига қўшиладиган ҳисса ишчининг танлови асосида ишхона таклиф қиладиган сармоя инструментларидан бирига (акция, ўзаро фонд ва бошқалар) қўйилади. Кўп ишхоналар ишчи қўшган ҳиссасига тенглаштириб ёки унинг маълум қисмига тенг ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин (Company match).  Мисол учун Google компанияси, ишчилари томонидан 401(k) ҳисобига қўшган $3000гача бўлган суммани 100 фоиз ҳисса билан тенглаштиради (Company match limit).

401(k) планига қанча ҳисса қўшса бўлади?

Солиқ бошқармаси 2017 йил учун ишчилар 401(k)га қўшадиган ҳиссаларини $18000га чегаралаган. 50 ёшдан ошганлар учун қўшимча $6000 қўшиш имконияти мавжуд.

Бу планда қанча маблағ йиғилади ва уни қачон олиш мумкин?

Бу турдаги нафақа ҳисобидаги маблағ ишчи ва ишхона томонидан қўшилган ҳисса ва у йиққан/йўқотган фоизларидан иборат бўлади.  Яъни, танланган инвестиция бозорида ўсиш кузатилса ҳисоб рақами ўсади ва аксинча.  Бу маблағларни ҳисоб эгаси 59 ярим ёшга етгач ва энг кечи билан 70 ярим ёшдан олишни бошлаши керак.

Бу ҳисобдаги маблағ солиққа тортиладими?

401(k) каби ҳисобдаги маблағни солиққа тортилиш, тортилмаслиги қўшиладиган ҳиссага солиқ тўланганлиги ёки тўланмаганлигига боғлиқ.  Анъанавий 401(k) ҳисобига ҳисса солиқлардан олдин қўшилади.  Ҳисса ва у йиғадиган фоизларнинг солиғи маблағни ҳисобдан чиқариб олинишига қадар кечиктирилган бўлади.  ROTH 401(k) ҳисобида эса аввал солиқлар тўланиб, ундан қолган даромаддан ҳисса қўшилади ва маблағ ҳисобдан чиқарилганида ундан йиғилган фоизлар ҳам солиққа тортилмайди.

Мисол учун ишчининг 2017 йил учун даромади 50 минг ва у анъанавий 401(k) ҳисобига даромадининг 10%ни қўйишга қарор қилди.  Бу ҳолатда ишчи 2017 йилда 45 минг даромад учун солиқ тўлайди ва қолган 5 минг ва ундан келиши мумкин бўлган фоизларга, бу пулларни ҳисобдан ечиб олганида ўша давр солиқ ставкалари асосида солиқ тўлайди.  Мазкур мисолда ROTH 401(k) планида эса ишчи 50 минг даромадга солиқ тўлайди ва ундан қолган суммадан ҳисса қўшади.

Сизнинг ишхонангиз қандай план таклиф қилади, биласизми? Сиз ундан тўлиқ фойдаланасизми?

Агар сиз бирор компанияга ишлаётган бўлсангиз кадрлар бўлимидан (Human Resource Department) сизга қандай нафақа планлари мавжудлиги ва уларнинг ишлаш тартиби ҳақида сўранг. Сиз бундай планлардан фойдаланмаётганлигингиз туфайли ишхонангиз тенглаштириши мумкин бўлган маблағ ва унинг потенциал ўсишидан ўз нафақангизга нисбатан зиён етқазаётган бўлишингиз мумкин. 

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*