Америкада трак ҳайдовчиси бўлиш жараёни

Америкада жуда кўп ватандошимиз ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Баъзилари Uber ёки Lyft билан ҳамкорлик қиляпти. Бошқалари трак (юк ташиш машинаси) ҳайдовчиси. Бир қисмининг эса шахсий юк ташиш бизнеси бор. Бобур Ҳасан ҳам трак ҳайдаш билан бошлади, аммо тез орада Uz Trans Inc. компаниясига асос солиб, уни қарийиб 10 йилдан бери бошқариб келмоқда. Бобур асли Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳридан. Ҳусусий тадбиркор. Логистика, юк ташиш ва кўчмас мулк соҳаларида ўз ишини юритади. Бобур билан Америкада трак ҳайдовчиси бўлиш жараёни ҳақида суҳбат қилдик.

Энг асосий талаблар нима?

Биринчи навбатда сиз 21 ёшга тўлган бўлишингиз керак. Юк машинасини ҳайдашни ният қилганингиздан кейин, тегишли қонун-қоидаларни ўрганишингиз керак. Бунинг учун яшаётган жойингизда жойлашган DMV (Department of Motor Vehicles) бўлимига бориб, “State Commercial Driver’s Manual” қўлланмани (мисол учун, Виржиния штати учун бу ерда) сўранг. Мазкур қўлланмада CDL (Commercial Driver’s License), яъни трак ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартиби, юк машинасини ҳайдаш қоидалари ва бошқа муҳим маълумотлар берилган. Қўлланмада ёзилган қоидаларни ўрганишни бошланг.

Юк машинасини ҳайдашни машқ қилишни қачон бошлашим мумкин?

Агар сизда енгил машина ҳайдовчилик гувоҳномаси бор бўлса ва жиддий қоидабузарлик қилмаган бўлсангиз, қўлланмадаги маълумотларга асосланган компютерлаштирилган саволларга жавоб бергач, CDL Permit олшингиз мумкин. Мазкур рухсат билан CDL ҳайдовчиси билан бирга оғир юк машинасини ҳайдашни машқ қилишни бошлашингиз мумкин.

Яна қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Ҳар бир ҳайдовчи CDL Permit олгандан кейин тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Шундан кейингина охирги имтиҳондан ўтишга руҳсат берилади. Тиббий кўрикдан ўтказувчи шифокор Medical Examiner деб аталади. Medical Examiner юк машинасини ҳайдай олишга саломатлигингиз йўл қўйишини текширади. Бунда кўздан тортиб қон босимигача, юрак фаолиятини ва инсон танаси ҳеч қандай оғриқсиз бемалол ҳаракатлана олиши текширилади.  Тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган кишига Medical Examiner’s Certificate номли ҳужжат берилади.

Ва охирги босқичда, имтиҳон топшириш марказларидан бирига юк машинаси ва CDL гувоҳномаси бор бўлган киши билан бориб, амалий ҳайдаш имтиҳонини топширишингиз керак. Имтиҳондан муваффақиятли ўтсангиз, сизга CDL ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.

Инглиз тилини билишим шартми? Имтиҳонлар фақат инглиз тилидами?

Ҳа, инглиз тилини билишингиз керак. Ҳеч бўлмаганда intermediate даражасида, зеро ҳамма имтоҳонлар инглиз тилида бўлади. Инглиз тилида берилган саволларга тушунарли даражада жавоб бера олишингиз талаб этилади.

Йўл ҳаракат қоидаларини кўп бузганман, бир-неча марта жарима солинганман. Бу қандай таъсир қилади?

Агар йўл қоидаларини кўп марта бузиб, ҳайдовчилик гувоҳномасида “поинтлар” (бузилган йўл-ҳаракат қоидасининг оғирлигига қараб бериладиган баҳо) бўлса, бу поинт ва жарималар ҳайдовчи гувоҳномаси тарихида 3 йилгача туради.  3 йилдан кейин эса ўз кучини йўқотади. Агар охирги 3 йилда кўп жарима ёки поинт олган бўлсангиз, иш топиш ва суғурта компанялари томонидан ҳайдовчи сифатида қабул қилинишингиз жуда қийин бўлади. Иш берувчи ва суғурта компаниялари йўл ҳаракати қоидаларини бузмайдиган ва ҳайдовчилик тарихида жиддий қонунбузарлик бўлмаган ҳайдовчиларни маъқул кўрадилар. Кўп жаримаси бор ҳайдовчиларнинг автоҳалокат иштрокчисига айланиш эҳтимоли катта бўлгани боис қиммат нархда суғурта қилади.

Махсус мактабда ўқишим шартми?

Юк машинасини ҳайдашни ўрганиш учун маҳсус курсга (Truck Driving School) бориш шарт эмас. CDL Permit’ни олгач,  ёнингизда камида 3 йил ҳайдаш тажрибасига эга бўгал малакали CDL ҳайдовчиси билан биргаликда юк машинасини ҳайдашни ўрганишингиз мумкин. Лекин Truck Driving School курсларига боришнинг жуда яҳши томонлари бор. Бундай мактаблар нафақат гувоҳнома олишда, балки юк машинасини маҳорат билан ҳайдашни тўлиқ ўқитади ва фойдали маълумотлар беради. Шунингдек, иш жараёнида келиб чиқадиган муаммолар ечими, тегишли қонун-қоидалар, йўл-ҳаракати қоидалари ҳам ўргатилади. Truck Driving School 30 кундан 1 йилгача давом этиши мумкин. Бу борада ҳар бир штат ва мактабнинг ўз қоидалари бор.

Тест синови нимадан иборат?

Кўп компаниялар Federal Motor Carrier Safety Regulation (FMCSR) имтиҳонидан ўтишни талаб қилади.  Мазкур имтиҳон оғзаки ва ёзма тестдан иборат. Ёзма тестда федерал йўл қоидалари сўралади, оғзаки тестда эса кўриш ва эшитиш қобилияти текширилади. Ёзма тест фақат бир мартда топширилади, оғзаки тест эса ҳар 2 йилда бир марта топширилади.

Тест синовларидан ўтолмасам нима бўлади?

Бу борада ҳар бир штатнинг ўз қонун-қоидалари бор. Имтиҳондан ўтолмаган киши эртасига ҳам қайтадан топширса бўлади. Лекин одатда янги имтиҳон топшириш куни тест марказларининг кундалик иш жадвалига қараб белгиланади. Айрим штатларда 3 мартагача тест топшириш мумкин. Бошқаларида эса кўп марта топширишга рухсат берилади.

Трак ҳайдаш учун барча поғонолардан ўтиш таҳминан неча пулга тушади?

Агар Truck Driving School’da таълим олишни истасангиз, ҳаражатларингиз таҳминан $2000дан $5000 гача бориши мумкин. Агар Truck Driving School’da ўқимасангиз, ҳаражатларингиз таҳминан $500 атрофида бўлади. Лекин бу ҳолда малакали CDL ҳайдовчиси ўз юк машинасида ўргатиши керак бўлади. Имтиҳондан ўтиш қийинлигини ҳисобга олганда Truck Driving School’да таълим олганингиз маъқул, чунки у ерда ҳамма нарса мукаммал ўргатилади, юк машинасини ҳайдашни машқ қилишга барча шароит яратилган.

Энди бошлаётган труcк ҳайдовчисининг ойлиги неча пул?

Ойлик маошнинг қанча бўлиши юк машинаси ҳайдовчисининг малакаси ва ишлаётган компаниясида ўрнатилган маошга қараб белгиланади. Шу сабабли, компаниялар ҳар ҳил тўлайди. Кўпинча, бошланғич ҳайдовчилар йилига ўрта ҳисобда $30, 000 атрофида маош олади. Кимёвий моддалар (Инглиз тилида Hazmat), ёқилги бензин ва ҳавфли моддалар ташувчи ҳайдовчи кўпроқ маош топиши мумкин. Умуман олганда, 1 йил ўртача $35, 000 – $40, 000 орасида йиллик маош олиш мумкин. 3 йиллик тажрибага эга бўлган ҳайдовчи эса йилига таҳминан $50, 000 – $60, 000 орасида маош олади. 5 йиллик тажрибага эга бўлган ҳайдовчи эса йилига $60, 000-$70, 000 орасида маош олади.

Бутун жараён қанча вақт олади?

Юк машинасини ҳайдашга рухсат берувчи гувоҳномани олиш, машина ҳайдашни ўрганиш ва барча кўриклардан ўтиш жараёни ўртача 1 ойдан 4 ойгача вақт олиши мумкин. Аммо баъзи Truck Driving School’ларда ўқитиш жараёни 1 йилгача давом этади. Бундан ташқари, баъзи штатларда CDL Permit олингандан кейин амалий тест топшириш учун бир қанча вақт ўтиши талаб этилади. CDL қўлланмасини олиб ўқиганингизда сиз истиқомат қилаётган штатда шунга доир қоидаларни билиб олишингиз мумкин.

Юк машинасини ҳайдашнинг ижобий ва салбий томонлари нимада?

Ижобий томонларидан бири жуда тез иш топиш мумкин (таҳминан 30-60 кун ичида). Иш топиш осонлиги ва маоши яхши бўлгани учун кўп ватандошларимиз шу соҳага қизиқмоқда. Қисқа вақт мобайнида яхши маблағ топиш имконияти мавжуд. Олий маълумот талаб этилмайди.

Салбий томони шундаки, кўп вақт оиладан узоқда, яъни йўлда ўтади. Бундан ташқари, табиийки, ҳайдовчи авто-ҳалокатга учраши эҳтимоли мавжуд. Кўинча кунига 11 соат машина ҳайдаш талаб этилади. Бу эса баъзи ҳайдовчиларни тез толиқтиради. Юкни вақтида етгазиш керак бўлса машинани ёмон об-ҳавода ҳам ҳайдашга мажбур бўласиз.

Ҳайдовчи суғурта билан таъминланиши керакми?

Йўлда автоҳалокат натижасида вафот этаётган юртдошларимиз ҳақида кўп ҳабар келиб туради. Бундай ҳолатда баъзи компаниялар ҳайдовчи оиласига суғурта пули тўлаб бериши мумкин. Ҳайдовчи ишга киришидан аввал, компания шундай ҳолатлар учун суғурта билан таъминлашини текшириши керак. Ишчилари 5 ва ундан кам бўлган кичик компанияларда суғурта билан таъминлаш мажбурияти йўқ.

Баъзи штатларда умуман бундай суғурта талаб этилмайди. Аммо ҳайдовчи йўлда жароҳат олган тақдирда ёки вафот этса, баъзи штатлар қонунчилигига кўра, ҳайдовчига ва/ёки унинг оила аъзоларига катта миқдорда суғурта пули тўланиши керак. Масалан, Миссури штати шундай штатлардан бири. Ҳусусан, UZ Trans компаниясида агар ҳайдовчи йўлда жароҳат олса, унинг барча тиббий муолажа ва ҳайдовчининг даволаниш вақтида ишсиз ўтказган кунлари учун суғурта компанияси томонидан суғурта пули берилилиши кафолатланган.  Шунингдек, агар ҳайдовчи йўлда автоҳалокат натижасида вафот этса, унинг оила аъзоларига катта миқдорда пул тўлашни таъминлайдиган суғуртага эга. Бундай суғурта Worker’s Compensation ва Occupational Accident Insurance деб аталади. Бу суғурта, ҳатто ўз юк машинасига эга owner-operator ҳайдовчилар учун ҳам кафолатланган. Бу суғуртани тиббий соғлиқ суғуртаси билан адаштирмаслик керак.  Барча ҳайдовчилар компанияларга ишга жойлашишдан аввал, айнан шу суғурта бор-йўқлигини суриштиришга алоҳида аҳамият бериши керак.

Кунига неча соат ҳайдашим мумкин?

Ҳайдовчи кунига 14 соат ишлайди. Иш вақти давомида 11соат ҳайдаш ва қолган вақт юк ортиш, ёқилғи олиш, машина ҳолатини текшириш ва бошқалар учун сарфланади.  Ҳайдовчи куни бошлангач, 14 соат ўтгач,  тўхтаб,  10 соат мажбурий дам олиши керак.

Якуний маслаҳатлар?

Ёшларга бу ишга вақтинчалик иш сифатида қарашларини маслаҳат бераман. Сабаби етарли миқдорда пул тўплагандан кейин ёш оилали одамлар копроқ оиласига ва болалар тарбиясига эътибор бериши керак, деб ўйлайман. Чунки кўпчилик йўлда бўлиб, болалар тарбиясига вақт ажрата олмайди. Йўлда юриш ва ҳайдашдан чарчамайдиган, соғлиги яҳши юртдошларимизга бу иш тўғри келиши мумкин.

2 Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*