АҚШда магистратура: Икромжон Тўхтасинов билан суҳбат

АҚШда таҳсил олиш мавзусини ёритишни давом эттирамиз.  Навбатдаги суҳбатдошимиз Икромжон Тўхтасинов.  Икромжон 1993 йил Наманган шаҳрида туғилган.  2017 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро муносабатлар факултетини битирган.  Университет қошида фаолият юритган Global Perspective Analitical Forum талабалар ташкилотининг Директори бўлган. Шу билан бирга университетда Model United Nations анжуманларини ташкиллаштиришда иштирок этган.

АҚШга келишдан олдин турли давлат ва но-давлат ташкилотларида амалиёт ўтаган,  жумладан Ўзбекистон Республикаси Ташки ишлар вазирлигининг Протокол бўлимида ишлаган.  Таълим ва иқтисодий ривожланиш ўртасидаги боғлиқлик масалаларига қизиқади.  Бу масалани чуқурроқ ўрганиш учун ҳозирда Чилида жойлашган Ensena Chile таълим ташкилоти билан ҳамкорлик қилмоқда.  Ўзбек,  рус ва инглиз тилида бемалол мулоқот қилади,  бир оз араб тилини ҳам билади.

Икромжон ҳозирда АҚШнинг энг нуфузли университетларидан бири бўлмиш Нотр Дам университетида (University of Notre Dame) Магистратура бошқичида таҳсил олмоқда.

АҚШда магистратура босқичида ўқиш фикри қачон пайдо бўлди?

АҚШда магистратурани ўқиш фикри Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқиб юрган пайтларимданоқ бўлган.  Бунга турли хил сабаблар бор,  албатта.  Лекин асосий сабаб шахсий ва профессионал ривожланишим учун янги имкониятлар кашф қилиш ва ҳар бир инсон қалбида бўлганидек юксак мақсадлар ва орзу-ниятларга пойдевор қўйиш бўлган.

Университет танлаётганингизда асосий меъзон нима эди?

Асосан мен танлаган соҳага (Халқаро муносабатлар) мос келадиган,  нуфузли ва,  албатта,  грант берадиган университет топишим керак эди.  Магистратурадан мақсад ўқиш бўлгани учун бошқа қўшимча даромад манбаи орқали университет ҳаражатларини қоплаш қийин бўлишини билардим ва шу сабабдан тўлиқ грант ажратадиган университетни топишни мақсад қилдим.

Тайёргарчиликларни қачон ва нимадан бошладингиз?

Университетнинг 4-босқичида ўқиётган вақтимда мос университетларни қидиришни,  GRE ва IELTS каби тестларга бўлган тайёргарликни бошлаб юбордим.  Шу ўринда,  доимий тарзда АҚШда магистратурада ўқиган танишларим билан доимо мулоқотда бўлиб,  улардан керакли маслаҳатлар ва “мотивация” олиб турардим.

Нимага Нотр Дамни танладингиз?

5-курс бошланиш арафасида,  яни тахминан июл-августда Нотр Дам Университетида (University of Notre Dame) халқаро муносабатлар бўйича янги магистратура дастури очилаётганлиги ҳамда ўқиш ва яшаш харажатлари тўлиқ қопланиши тўғрисидаги хабарга дуч келдим.  Бу ажойиб янгилик эди.  Дарҳол университет ва дастур ҳақида интернетдан маълумот қидира бошладим.  Университет АҚШда умумий рейтингда энг юқори 20ликка кириши,  дунёдаги энг бой университетлар рейтингида эса 9-ўринда туриши ва жудаям чиройли кампусга (университет ҳуқуди,  шаҳарчаси) эга эканлиги эътиборимни тортди.  Бундан ташқари,  магистратура дастури ҳам менинг режа ва орзуларимга мос бўлиб,  ўқиш давомида йўналишни танлаш ва зарур бўлса ўзгартириш имконини ҳам бериши мен учун айни муддао эди.

Дастурнинг ўзига хос хусусиятларидан бири,  у янги очилаётган ва қабул қилинган тақдирда дастурнинг қалдирғоч (биринчи) талабаларидан бири бўлишим мумкинлиги қизиқишимни янада оширди.  Айнан август ойларида ўртоғимни АҚШга учиб кетиши олдидан Намангандан Тошкентга бирга келганимизни ҳамда йўлда унга топширмоқчи бўлган университетим Чикагодан 2 соатлик узоқликда ва қабул қилинсам,  уни кўргани тез-тез Чикагога бориб туришимни айтганим ҳалиям ёдимда.

Магистратурага ҳужжат топширишда нималарга эътибор беришни тавсия қиласиз?

2016-йил декабр ойи бошларида,  айнан Президентлик сайловлари вақтида,  волёнтор бўлиб юриб,  бир амаллаб GRE тестини топширдим ва 15-декабр университетга ҳужжатларимни топширдим.  Шу ўринда,  қабул ҳужжатлари ҳақида бироз тўхталиб ўцам.

Магистратура дастурига топшириш учун GRE ёки GMAT тестлари асосан грант берадиган университетларда мажбурий ҳисобланади.  Бу тестларга жиддий тайёргарлик кўриш керак ҳамда юқори бал жамғариш қабул қилиниш имкониятларини оширади.

Университет бакалаврдаги баҳолар,  3 та тавсиянома,  резюме,  IELTS ёки TOEFL тест баҳолари ҳам топширилиши керак.  Баҳолар аъло бўлгани яхши.  Резюмеда агар бакалаврни битириб магистратурага тўғридан-тўғри топшираётган бўлса,  малакавий амалиёт,  дарсдан ташқари фаолият ва лидерлик хусусиятлари кўрсатилиши муҳим.  IELTS ва TOEFL баллари бўйича аниқ талаблар йўқ,  лекин албатта юқори бўлгани мақсадга мувофиқ.

Мақсад баёни (Statement of Intent) ҳам университет ва дастур олдиган қўйган мақсадларни акс эттириши,  қисқа қилиб айтганда,  улар қидираётган аризачи эканлигингиздан ҳар томонлама далолат бериб туриши лозим.

Ҳужжатларни тайёрлаш устида ишлашни қачон бошлаш керак?

Ҳужжат топшириш жараёни ўта мураккаб жараён ва ҳар бир босқичда жиддий синчковликни талаб қилади.  Шу сабабдан бу жараённи қанча эрта бошласа,  шунча яхши.  Шахсан ўзим бу жараённи ўқиш бошланишидан бир йил аввал бошлаганман.  Яни,  ўқиш 2017 йил август ойида бошланган бўлса,  мен тайёрганчиликни 2016 йил сентабрда бошлаб,  иншони бир неча марта ёзиб,  уни текширтириб,  маслаҳатлашиб,  охири 2016 йил декабр ўрталарида тугатганман.

Ҳужжатларни юборганингиздан кейинги жараён қандай кечди?

Ҳужжат топширгандан бир неча ҳафта ўтиб,  онлайн суҳбатга (онлине интервиеw) таклиф этишди.  Бу суҳбатга ҳам жиддий тайёргарлик кўрдим.  Маҳалий вақт билан тахминан кеч соат 1да суҳбат бўланиб,  30 дақиқа давом этди.  Асосан,  резюмеда кўрсатган маълумотларимдан саволлар беришди ҳамда айнан ушбу дастурга топширишимдан мақсадим тўғрисида саволлар беришди.  Жавоблар орасида керакли пайтларда университетга тегишли бўлган турли фактларни,  профессорлар таркиби ва турли исмларни келтириб ўтардим.  Бу қабул комиссиясини хурсанд қилгани сезилиб турарди ҳамда университетга қизиқишим жиддий эканлигини кўрсатиб турарди.  Суҳбат охирида,  савол бериш учун менга навбат беришди.  Берадиган саволларим муҳим аҳамият касб этишини яхши билардим ва шу сабабдан иложи борича интернетдан топиш қийин бўлган саволлар беришга ҳаракат қилдим.  Комиссия аъзолари мамнуят ва қизиқиш билан жавоб беришлари суҳбат юзасидан умумий қониқиш ҳосил қилишимга ёрдам берди.

Магистратура босқичига қабул қилинганингиз ҳақида қачон хабар келди?

2017 йил 28-февралда эмаил орқали факултет декани томонидан қабул қилинганлигим тўғрисидаги хабарни қабул қилдим.  Бу хатда ўқиш харажатлари учун бир йилга $51. 192 миқдорида грант,  соғлиқ учун суғурта ҳамда яшаш харажатлари учун стипендия берилиши айтилган эди.  Бу эмаилни қабул қилганимдаги ҳиссиётларимни ва қувончимни сўз билан ифода эта олмайман.  Шундай қилиб,  Нотр Дам (Keough School of Global Affairs) университетига Халқаро Муносабатлар йўналиши бўйича магистратурага қабул қилиндим.

АҚШга қачон етиб келдингиз?

2017 йил август ойинининг биринчи ҳавтаси АҚШга йетиб келдим.  Чикагода ўртоғим кутиб олди ва уйида 2-3 кун меҳмон бўлиб,  Мичиган кўли (Мичиган Лаке) атрофида ўзбеклар сайилида иштирок этиб,  бир дунё завққа тўлиб,  эртасига Нотр Дам сари Индиана штатига йўл олдик.  Нотр Дам университети Сауз-Бенд (South Bend) деб номланган кичик шаҳарчада жойлашган бўлиб,  унда тахминан 100 минг одам истиқомат қилади.

Шаҳар инфтаструктураси ва иқтисодиёти Нотр Дам университети атрофида бунёд этилгандек кўринсада,  ҳозирда турли соҳаларда тезкор ривожланишга эришмоқда.  Талабалар учун шаҳарнинг энг катта афзалликларидан бири яшаш учун арзонлигидир.  Бу жуда кўп ҳолатларда,  айниқса,  турар-жой масаласида анча қўл келади.  Университет кампусида жойлашган деярли барча бинолар ўрта асрлар архитектурасини эслатиб юборади ва шунинг учун ҳам жуда чиройли.

Нотр Дам университетида таълим сифати ҳақида нима дея оласиз?

Ўқиш тизими тўғрисида гапирадиган бўлсам,  Америкадаги кўп университетларга ўхшаб,  ўқув йили икки семестердан иборат.  Доимий тарзда ўқув тизими ўзимизни ўқув тизими билан солиштираман ва ҳар сафар мавжуд фарқлардан ҳайратга тушаман.

Биринчидан,  ўқувчиларга қўйилган талаб жуда қаттиқ.  Ҳар битта талабада агар ўқимаса,  ҳеч қандай усул билан имтиҳондан ўта олмаслиги ва кейинчалик диплом ололмаслиги тўғрисида аниқ ва соғлом фикр мавжуд.

Иккинчидан,  талабарлда баҳолар эмас,  балки билим келажакда фойда бериши тўғрисида ҳам ишонч бор.  Бу икки хусусиятни ўзи ўқув тизимида соғлом муҳитни юзага келтиришга катта хизмат қилади.

Бундан ташқари,  дарсларда ўқувчиларни танқидий фикрлашларига алоҳида эътибор қаратилади.  Дарсдаги муҳокамалар фактлар қарама-қаршилиги билан эмас,  аргументларнинг тўқнашуви билан характерланади?  яъни ёдлашдан кўра фикрлашга кўпроқ урғу қаратилади.  Профессорлар ҳам ўз навбатида талабалар вақтини хурмат қилишади,  одатда дарслар ўз вақтида бошланиб,  ўз вақтида якунланади.

Талабалар ўқитувчилар билан учрашишлари учун алоҳида вақт ажратишади.  Ўқитувчиларни таълимга бўлган эътиборини кўриб,  улар шахсиятдан юқорироқ мақсадларга хизмат қилаётганликларига гувоҳ бўлиш мумкин.

Жуда кўп уй иши берилади.  Ўртача ҳар куни 60-80 бет китоб ёки професор томонидан берилган материалларни (handout) ўқиш талаб этилади.

Ўқишдан ташқари вақт ўтказиш учун қандай шароит яратилган?

Ўқишдан ташқари талабаларни вақтларидан унумли фойдаланишлари учун барча шароитлар яратилган.  Доимий ишлайдиган кутубхона,  талабалар марказлари,  турли хил спорт иншоотлари,  медиа марказлар ва ҳаттоки қояга чиқиш (rock climbing) комплекслари мавжуд.  Бундай ташқари,  университетда талабаларни социал,  эмоционал ва психологик соғломликлари таъминлаш учун турли хил қулайликлар таклиф этилган.

Деярли барча амалиётлар онлайн ва университет ID картаси орқали амалга оширилади.  Талабаларнинг шахсий аккоунтлари бўлиб,  тўлов амалиёларини ҳам ID карталари орқали амалга оширишлари мумкин.  Университет ҳудудида катта бўлгани учун велосипед қатнови жуда кенг тарқалган.  Ҳаттоки велосипедингиз бўлмаса ҳам,  электрон қулфланадиган велосипедлардан телефон орқали пул тўлаб,  фойдаланиш мумкин.  Шахсий велосипедларни албатта қулфлаб юриш керак,  акс ҳолда,  уларни дарахтга осиб қўйилган ҳолда топишингиз мумкин.

Нотр Дам университети ўзининг футбол жамоаси билан машҳур.  Бу ҳақида нима дея оласиз?

Университет футбол жамоаси машҳур бўлиб,  уй ўйинларини кўргани АҚШнинг турли бурчакларидан тахминан 80 минг одам ташриф буйиришади ва ўйин бўладиган ҳафта охирлари тадбирларга тўла ҳақиқий байрамга айланади.  Америка маданияти билан танишувим асосан шу тадбирларда амалга ошди.  Бу тадбирлар умумий “tailgate” номи остида ўтади ва ўйиндан бир кун аввал машиналарда мухлислар келишади ҳамда эртаси куни ўйин бошлангунгача машиналари юкхонасини очиб,  турли хил ичимликлар ичиб,  овқатланиб,  турли ўйинлар ўйнашади.  Шу сабаб ҳам,  Америка футболи қоидаларини тушунмайдиган биз каби чет элликлар учун футбол атрофида бўлган воқеалар футбони ўзидан кўра қизиқроқ бўлади.

Курсдошларингиз ким,  улар билан дарсдан бўш бўлган вақтларингизда нима қиласизлар?

22 та давлатдан ташриф буюрган курсдошларим билан ҳафта охирларини бир қисмини турли учраш ва йиғилишлар,  ёки бирга овқатланиш ва суҳбатлашиш,  биргаликда қўшиқ айтиш ва кино кўриш билан ўтказаман.  Қолган қисми эса кейинги ҳафтага тайёргарлик билан ўтади.  Бу йерда вақт Ўзбекистондагидан кўра тезроқ ўтгандек туйилади.  Шу сабабдан,  ҳатто овқат пишириш каби одатий юмушлар ҳам режа асосида амалга оширилиши керак.

Сиз турган шаҳар инсонлари ҳақида нима дея оласиз?

Университет АҚШнинг ўрта-ғарб (Midwest) қисмида жойлашгани учун,  университет ҳудудида бу йерда яшовчи одамларга мос маданият ҳукмрон.  Умуман танимаган одамингизга жилмайиб,  салом бериб,  ҳол-аҳвол ва кунини қандай ўтганини сўрашингиз одатий ҳол.  Одамлар меҳрибон ва ғамхордек туйилади ва буни яхшиликлари билан амалиётда ҳам намойиш этишади.  Одамлар жуда меҳнаткаш ва ўта масъулиятли.  Одамлар худди бир тизимга ва механизма бириктирилгандек ва ҳамма ушбу тизимда бир-бирига ёрдам бериш учун ишлаётгандек туйилади.

Ҳар қандай ҳужжат ишлари,  расмиятчилик ёки муаммо юсасидан сизни кулиб кутиб олишади ва масалангизни тезкорлик билан ижобий ҳал қилишади.  Бироз муддат бу ҳудудда яшагандан кейин бошқа одамни кўрса,  юзга табассум югуриши одатий ҳолатга айланиб қолади.

Нотр Дам университетида бошқа ўзбекистонлик борми?

Университетда Ўзбекистонлик бошқа талабани учратганим йўқ ҳали.  Шу сабабдан ҳам,  Чикагога ёки бошқа шаҳарларга доимий саёҳат қилиб тураман.  Жуда кўп ватандош талабалар билан кўришаман ва уларни ҳаётини ўрганаман.  Умуман олганда,  ҳозиргача учратган барча Ўзбекистонликлар тинмай меҳнат билан банд.

Якуний тилакларингиз

Юртимиздан янада кўпроқ талабалар АҚШ университетларига келишини чин дилдан истайман.  Келганда ҳам АҚШнинг энг нуфузли университетларига грант ютиб келишларини хоҳлайман.  Янги келаётган ватандошларимга эса бутун эътиборларини ўқишга қаратишни,  яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб,  шахсий ва профессионал потенциалларини тўла намоён қилишларини ва ўз олдиларига қўйган юксак мақсадларига эришишларини тилайман.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*