
* Қуйида берилган маълумотлар расмий ҳуқуқий маслаҳат ўрнида ўтмайди. Uber ёки Lyft ҳайдаш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий масаҳат учун адвокат билан боғланинг.
Ватандошларимиз орасида Uber ёки Lyft ҳайдовчиси бўлиб ишлаётганлар кўп учрайди. Осон иш эмас, баракасини берсин. Машина ҳайдаш ва мижозлар билан мулоқот қилишда турли вазиятлар юзага келади. Йўловчи бақириб-сўкиши ёки ур-тепга ўтиши мумкин. Узун соатлар машина ҳайдаш натижасида йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлиш эҳтимоли ортади. Ҳўш, Uber ёки Lyft ҳайдовчилари эътибор бериши керак бўлган ҳолатлар нимадан иборат? Мазкур мақолада шу масала бўйича 10та маслаҳат берамиз.
1. Uber/Lyft ҳайдашга фақат вақтинча иш сифатида қаранг
Uber/Lyft ҳайдовчиси бўлишнинг ўзига яраша қулайликлари бўлса ҳам, бу ишни фақат вақтинча бажариш керак. Масалан, талаба, доимий иш қидираётган, қўшимча пулга эҳтиёжи бўлган киши учун Uber/Lyft ҳайдовчиси бўлиш жуда қўл келади. Албатта, бу ишда тўлиқ ставка ишлаш мумкин, аммо назаримизда бу соҳанинг келажаги йўқ. Қолаверса, Uber, Tesla ва бошқа йирик автомобил компаниялари ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган машиналарни (self-driving, driverless cars) синовдан ўтказа бошлаганини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳайдовчларга келажакда эҳтиёж камайиб бораверади.
2. Йўл ҳаракат қоидаларига қатъий риоя этинг
Uber/Lyft ҳайдовчиси бўлишга қарор бериб, ишга тушиб кетдингиз, дейлик. Биринчи қоида, табиикий, йўл ҳаракат қоидаларига қатъий риоя этинг. Бу оддий маслаҳатдек туюлиши мумкин, аммо унинг мазмун-моҳияти кейинги маслаҳатда кенгроқ ёритилган (4-маслаҳат).
3. Рейтинг тизими қандай ишлашини тушуниб олинг
Uber ва Lyft ҳайдовчи ва йўловчиларга нисбатан рейтинг тизимини қўллайди. Унга кўра, ҳайдовчи ва йўловчилар сафар сўнгида бир-бирига баҳо бериб, изоҳ қолдириши мумкин. Табиийки, йўловчига ҳурматсизлик кўрсатсангиз, қўпол муомалада бўлсангиз, мусиқани баланд овозда эшитсангиз йўловчилар паст баҳо берадилар. Давомий паст баҳо олиш эса рейтингизни тушуриб юборади ва бунинг натижасида Uber/Lyft сиз билан шартномани бекор қилиши мумкин. Uber ва Lyft билан ишлашда катта тажрибага эга бўлган Ҳусниддин Қутбиддиновга кўра, ватандошлар орасида рейтинг пасайишининг асосий сабабларидан бири машинани қўпол ҳайдашларида (масалан, сабабсиз бир йўлакдан иккинчисига ўтиш, кутилмаганда тормозга босиш ва/ёки тезликни ошириш каби ҳолатлар).
4. Камера (dashcam) ўрнатинг
Uber/Lyft ҳайдовчиси бўлиб ишлашда турли ҳолатлар юз беради. Ҳусусан, йўловчилар орасида бақириб-сўкишни ёки ур-тепни одат қилганлар учраб туради. Баъзилари йўловчилар орасида “Ҳайдовчи мени зўрламоқчи бўлди,” деб туҳмат қиладиганлари ҳам учраб туради. Бундай ҳолатларда камера (dashcam) ёрдамида ёзиб олинган видео тасвир айбсиз эканлигингизни исботловчи энг асосий далил вазифасини ўташи мумкин.
Камерадан фойдаланишни тартибга солувчи қонун-қоидалар бир штатдан иккинчисига ўзгаради. Камера ёки бошқа мослама ёрдамида овозни ёзиб олишни таъқиқлайдиган штатлар асосан яширинча тинглаш (eavesdropping) қонун-қоидаларидан келиб чиқади. Аммо Uber/Lyft ҳайдовчилари камерадан фақат ўз хавфсизликлари учун фойдалансалар, мазкур қоидада назарда тутилган таъқиқ амал қилмайди.
5. Uber/Lyft ҳайдаш даврлари нимадан иборатлигини яхши тушуниб олинг
Uber/Lyft ҳайдаш жараёни қандай даврларга бўлинишини яхши тушуниб олинг. Uber/Lyft сизга ёки йўловчига тавон пули ва/ёки ҳаражатларингизни қоплаши йўл-транспорт ҳодисаси ҳаракатланишнинг қайси даврида содир бўлганига боғлиқ. Сиз телефонингиздаги Uber/Lyft дастурини ёққанингиздан кейин, йўлда бўлиш уч даврга бўлинади. Uber/Lyft томонидан бериладиган суғуртанинг амал қилиши йўл-транспорт ҳодисаси бу даврларнинг қай бирида содир бўлганига боғлиқ:
- 1-давр: Uber/Lyft дастури ёқилган ва сиз йўловчини олиш учун сигнал келишини кутаяпсиз: Телефонингиздаги Uber/Lyft дастури ёқилган бўлса ҳам, йўловчини кутиш вақтида содир бўлган ҳодисалар учун Uber/Lyft мажбуриятни ўз зиммасига олмайди. Бунинг энг асосий сабаби шундаки, сиз Uber/Lyft учун ёлланма ишчи (contractor) сифатида ишга қабул қилинасиз. Бу эса, анъанавий ишчидан (employee) фарқ қилади. Агар Uber/Lyft дастурини ёққанингиздан кейин йўловчидан сигнал кутиш даврида йўл ходисаси содир бўлса, Uber/Lyft зиммасига ҳеч қандай мажбурият юкланмайди ва бу ҳодиса оддий йўл-транспорт ҳодисаси сифатида баҳоланади.
- 2-давр: Uber/Lyft дастури орқали йўловчидан талаб келди, сиз қабул қилдингиз ва йўловчини олиш учун унинг манзилига кетаяпсиз: Умуман олганда, мазкур ҳолатда Uber/Lyft томонидан бериладиган суғурта бу даврда содир бўладиган йўл ҳаракати ходисаларини қоплаши керак. Аммо сиз йўловчининг манзили томон ҳаракатланаётганингизда йўловчи чақириқни бекор қилса (cancellation), сиз яна 1-даврга ўтасиз ва бундан кейин содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаси учун Uber/Lyft ҳеч қандай мажбуриятни ўз зиммасига олмайди.
- 3-давр: Йўловчи машинангизда: Йўловчи машинангизга ўтиргандан кейин Uber/Lyft суғуртаси сизни тўлиқ қоплаши керак.
Кўриб турганингиздак, 1 ва 2-даврларда сиз асосан ўзингизнинг шахсий суғурта шартлари билан ҳимояланасиз. Шундай экан, бу даврда иложи борича ҳеч қандай йўл қоидаларини бузмасдан, иложи борича йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлишига сабаб бермаслигингиз керак.
6. Айбни ҳеч қачон бўйнингизга олманг
Дуо орқасидан машина ҳайдашни бошладингиз. Йўл қоидаларига риоя этишингизга қарамасдан йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Ҳодиса сизнинг айбингиз билан содир бўлса ҳам, айбни ҳеч қачон бўйнингизга олманг. Масалан, “Кечирасиз, ўнг томонда кетаётганингизни кўрмай қўлдим” ёки “Кечирасиз, 12 соатдан бери йўлдаман, бир оз чарчаб, ҳушёрсизликка йўл қўйдим,” деб айтманг. Энг яхшиси сукут сақланг, полиция ходими келишини кутинг.
7. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида бирон кишига тан жароҳати етганда
Йўловчини олдингиз ва у истаган манзилга қараб кетаётганингизда бошқа машина билан тўқнашиб кетдингиз. Агар иложи бўлса машинангизни хавфсиз жойда тўхтатиб, авария сигналларини ёқиб қўйинг. Биринчи навбатда ўзингизга бирон шикаст етдими-йўқми текширинг. Жиддий шикаст олмаган бўлсангиз, машинада кетаётган йўловчиларингиз аҳволидан ҳабар олинг. Агар улардан биронтаси жиддий шикаст кўрган бўлса, ўзингиз ёрдам беришга ҳаракат қилманг, шикаст еган кишини жойидан қимирлатманг ва зудлик билан 911га қўнғироқ қилинг. 911 келгунига қадар шикаст еган кишига тегинманг.
8. Ҳодисани ҳужжатлаштириб боринг
Йўл ҳаракати ҳодисасига тегишли бўлган барча ҳолатларни ҳужжатлаштиришга ҳаракат қилинг. Масалан, биринчи навбатда, ҳодиса юқорида тилган олинган 2-даврда (яни йўловчи машинани ичида) содир бўлганини исботлаш учун, телефонингиздаги Uber/Lyft харитасининг screenshot’ини олинг. Бир-бири билан тўқнашган барча машина ҳайдовчилари ҳақида маълумот тўпланг (масалан, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва суғурта полисини телефонингиз ёрдамида расмга олинг). Агар йўл-транспорт ҳодисасини кўрган гувоҳлар бўлса, улар билан гаплашинг ва тўлиқ исмлари ва телефон рақамларини ёзиб олинг. Телефонингиз ёрдамида улар айтган гапларни ва тўқнашув содир бўлган жойни видеога ёзиб олинг. Ҳодиса жойига етиб келган полиция ходимининг исмини ва ҳодиса рақамини (accident report number) ёзиб олинг. Бу маълумот сизга кейинчалик полиция ходими тайёрлаган далолатнома нусҳасини олишда қўл келади.
9. Тиббий кўрикдан ўтинг
Жиддий жароҳат олмаган бўлсангиз ҳам, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдан айрилганингиздан кейин зудлик билан тиббий кўрикдан ўтинг. Сизга сезилмаса ёки кўринмаса ҳам, жиддий жароҳат олган бўлишингиз мумкин. Сифатли тиббий кўрик бундай ҳолатларни аниқлаши мумкин. Агар тиббий кўрикдан ҳодиса содир бўлгандан кейин ўтмасангиз ва кейинчалик сизда ривожланиши мумкин бўлган жароҳат/касаллик ҳодисага боғлиқ эканлигини исботлаш/унга боғлаш қийин бўлиши мумкин. Тиббий кўрик хулосалари ва бу билан боғлиқ бўлган барча ҳаражатларингизни йиғиб боринг.
10. Адвокат билан боғланинг
Тиббий кўрикдан ўтканингиздан кейин қисқа муддат ичида адвокат билан боғланинг, содир бўлган ҳодиса ҳақида у билан маслаҳат қилинг. Адвокат билан маслаҳат қилмасдан суғурта компанияси ёки бошқа ҳайдовчи/йўловчи адвокати билан йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида гаплашманг. Адвокага қўнғироқ қилишдан қўрқманг. Кўпинча биринчи консултация текин бўлади.
* Юқорида берилган маълумотлар расмий ҳуқуқий маслаҳат ўрнида ўтмайди. Uber ёки Lyft ҳайдаш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий масаҳат учун адвокат билан боғланинг.
Қўшимча маълумот учун: Полицияси машинангизни тўхтатса
Be the first to comment