Полиция машинангизни тўхтатса

* Қуйидаги маълумотлар расмий ҳуқуқий маслаҳат ўрнида ўтмайди. Полиция ҳаракатлари ҳақида саволларингиз бўлса ёки шикоят қилмоқчи бўлсангиз, зудлик билан адвокат ёллашни тавсия қиламиз.    

 

АҚШда машина ҳайдовчи ватандошларимиз орасида йўл полиция ходими тўхтатганда, бир оз бўлса ҳам ҳадиксирамайдигани топилмаса керак. Бундай вазиятда йўл қўйиладиган хатолар, одатда,  икки ҳолатдан бирида рўй беради.

Биринчиси, ҳайдовчининг полиция ходимига нисбатан ҳурматсизлик билан муомалада бўлиши оқибатида. Бу кўпинча ҳайдовчи ўзини айбсиз деб ҳисоблаганда рўй беради.

Иккинчиси, ҳайдовчининг полиция ходими илтимосларига эътирозсиз итоат этиши натижасида.

Полиция ходимига ҳеч қачон ҳурматсиз муносабатда бўлмаслик керак. Аммо кези келганда, полиция талабларига эътироз билдириш мумкин.

Қуйида йўл полицияси машинангизни тўхтатганда ўзингизни қандай тутишингиз кераклиги ҳақида маълумотлар берамиз.  Мазкур маслаҳатларнинг ҳаммаси ҳам амалдаги йўл қоидаларига алоқадор эмас.  Уларнинг бир қисми ҳайдовчининг полиция ходимига қандай муомала қилиши кераклиги ҳақида бўлса, иккинчи қисми полиция ходимининг хавфсизлигини таъминлаш учун ишлаб чиқилган қоидалардир.

I. Машинангиз орқасида полицияни кўрганингизда

1. Машинангизни иложи борича қисқа вақт ичида хавфсиз жойга тўхтатинг

Полиция ходими сизни тўхтатмоқчи бўлганда машинангиз орқасидан сигнал чироқлари ва/ёки сиренасини ёқиб келади.  Бундай ҳолатда машинангизни иложи борича қисқа вақт ичида хавфсиз жойга тўхтатишингиз керак.  Бунинг учун полиция ходимига тўхташни ният қилганингизни билдириш учун машина тезлигини бир оз камайтиринг ва тўхташга тайёргарлик кўришни бошланг.  Машинангизнинг ўнг томон бурулиш сигналини ёқиб, йўл чизиқларини чапдан ўнгга қараб ўзгартиришни бошланг.  Катта йўлнинг (highway) энг чап қўлдаги йўлагидан кетаётган бўлсангиз ҳам, машинангизни йўлнинг ўнг томонида тўхтатишингиз кераклигини унутманг.  Машинангизни имкон қадар йўлнинг ўнгроғига тўхтатишингиз керак.  Бу орқали полиция ходимига орқадан тўхтовсиз келаётган машиналардан хавфсирамасдан машинангиз олдига келишига шароит яратган бўласиз.

2. Ҳаракатланишда давом этишнинг оқибатлари

Агар машинангизни қулайлик билан тўхтатишингиз мумкин бўлишига қарамасдан сиз ҳаракатланишда давом этсангиз (бундай ҳаракатланишга инглиз тилида “coasting” дейилади ва тўхтаётгандек ҳаракатланишни англатади), полиция ходими сиздан шубҳа қилишни бошлаши мумкин.  Машинадагиларнинг ноқонуний фаолиятларга алоқаси бор, шу сабабли машинани тўхтаётгандек кўрсатиш орқали, жиноят изларини беркитишга ҳаракат қилишяпти, деб шубҳа қилиши мумкин.  Масалан, агар машинада тақиқланган наркотик моддалар бўлса, ҳайдовчи ёки йўловчилар уларни беркитишга ёки ойнадан ташлаб юборишга ҳаракат қилиш ҳоллари кўп учрайди.

II. Машинани тўхтатганингиздан сўнг

1. Моторни ўчиринг, қўлларингизни рул устига қўйиб, полиция ёнингизга келишини кутинг

Машинани тўхтатганингиздан кейин, моторни ўчиринг.  Бундай қилиш орқали полицияга кутилмаганда қочиб кетиш ниятингиз йўқлигини билдирган бўласиз. Баъзи ҳайдовчилар моторни ўчириш билан бирга, машина калитини кўринадиган қилиб dashboard устига қўйиб қўядилар.

Ҳайдовчи томондаги машина ойнасини бир оз тушуриб, қўлларингизни рулнинг устига қўйиб полиция ходими келишини кутинг.

2. Полиция ходими келиб, ҳужжатларингизни сўрамагунча, уларни қидиришга тушманг

Полиция ходими сизнинг олдингизга келиб,  ҳужжатларингизни талаб қилмагунча,  уларни қидиришингиз тавсия этилмайди.  Сабаби машинангиз тўхтаганидан кейин полиция ходимининг асосий вазифаларидан бири машина ичида ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлмаётганлигига ишонч ҳосил қилишдан иборат. Агар полициячи сизнинг машинангиз ичида бир нарсани қидириб топиш мақсадида ўнгга ва чапга эгилаётганингизни кўрса,  бирор ноқонуний буюмни беркитишга ёки олишга ҳаракат қиляпти,  деган шубҳага бориши мумкин. Полиция ходимининг бундай хавфсираши асосли, чунки полиция ходими томонидан тўхтатилган ҳайдовчилар ҳужумидан вафот этган полиция ходимлари талайгина.  Шу сабабли полиция ходимлари ҳар бир тўхтатилган ҳайдовчидан шубҳа қилади ва ҳар бир шубҳа туғдирувчи хатти-ҳаракатга нисбатан жиддий эҳтиёткорлик чорасини кўради.

3. Кечки пайт бўлса, машина ичидаги чироқни ёқиб қўйинг

Агар кечки пайт бўлиб, атроф қоронғу бўлса, машина ичидаги чироқни ёқиб қўйинг.  Бундай қилиш орқали полиция ходими машинангиз ичида кимлар/нималар борлигини яхшироқ кўриши учун шароит яратган бўласиз.

III. Полиция ходими билан мулоқот қилишда нималарга эътибор бериш керак?

1. Саволларга қисқа ва лўнда жавоб беринг

Полиция ходимига ҳар бир айтган сўзингиз судда сизга қарши ишлатилиши мумкин.  Шунинг учун ҳар бир сўзингизни ўйлаб,  эҳтиёткорлик билан муомала қилишингиз керак.

Полиция ходими билан мулойим муомалада бўлишга мажбур эмассиз. Ҳаттоки полиция ходими ёнингизга яқинлашганда салом бермасангиз ҳам бўлади. Энг муҳими полиция ходими билан ҳеч қачон қўпол муомалада бўлмаслигингиз керак. Ҳар бир гапирган гапингиз сизга қарши судда ишлатилиши мумкин бўлгани учун, фақат зарурат бўлгандагина гапиринг. Полиция саволларига қисқа ва лўнда қилиб жавоб беринг.

2. Ўринсиз эътироз билдирманг

Кўпинча полиция сиздан ҳайдовчилик гувоҳномангизни (Driver License) ва машина рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатни (Registration) сўрайди.  Баъзи ҳайдовчилар мазкур ҳужжатларни узатишдан олдин полиция ходимига дўқ ура бошлайдилар.  “Нимага мени тўхтатдингиз? Айбим нимада? Айбим йўқ, тезликни оширганим йўқ!  Мени ҳужжатсиз муҳожир деб ўйлаб камситябсизми?” каби ўринсиз эътирозларни билдирмаслигингиз керак.

3. Савол-жавобда эътибор бериш керак бўлган ҳолатлар

Ҳужжатлар сиздан сўралганда, уларни полиция ходимига узатиб, қўлларингизни қайтариб рул устига қўйишни тавсия қиламиз.  Кўпинча полиция ходими биринчи бўлиб, “Сизни нимага тўхтатганимни биласизми?” деб сўрашдан бошлайди. Ёки бўлмаса “Қандай тезликда кетаётган эдингиз, биласизми?” деб сўрайди. Биринчи саволга сиз ҳамиша “Йўқ” деб жавобини беришингиз керак. Иккинчи саволга эса қисқа қилиб “Ҳа, биламан.” деб жавоб беринг.  Иккинчи саволга “Йўқ” деб жавоб берсангиз, полиция ходими сизни тезлик ошириш қоидаларига умуман эътиборсиз экан деган фикрга боради ва шу сабабли сизга оғирроқ жазо тайинлаши мумкин.  Агар полиция ходими сизга “Соатига 90 мил тезликда кетаётган эдингиз” деб айтса, “Бўлиши мумкин” (“Maybe”) ёки “Тушунарли” (“I see”) деб жавоб беришингиз мумкин. Агар полициячи, “Тез ҳайдаш учун жиддий сабабингиз бормиди?” деб сўраса, “Йўқ” деб жавоб берганингиз маъқул. Агар “Ҳа” деб жавоб берсангиз, полиция ходими қанчалик тез кетаётганлигингизни аниқ билмаса ҳам, “Демак ҳайдовчи тезликни ошириш нияти билан кетаётган экан ва тезликни ҳақиқатдан ҳам оширган” деган хулосага келади.

Полиция ходимининг юқоридаги каби саволларига жавоб берсам полиция ходими менга нисбатан яхши муносабатда бўлади ва натижада жазо ўрнига огоҳлантириш бериш билан кифояланади деб ўйлаш нотўғри. Полиция ходимлари бу каби саволларни бериш орқали айбингизни тан олишингизни истайди. Шунда агар ишингиз судга оширилса, судда полиция ходими сиз айтган ҳар бир сўз ва жумлани сизга қарши ишлатади.

4. Жарима масаласида тортишманг

Полиция ходими сизга жарима қоғозини узатганда ортиқча гап-сўзсиз қабул қилиб олинг.  Жарима қонунийлиги ва белгиланган миқдорнинг адолатлилигини тортишиш учун судга неча кун ичида мурожаат қилишингиз мумкинлиги ҳаммаса жарима қоғозида батафсил ёзилган бўлади.  Агар жарима ноқонуний белгиланди ва умуман полиция ходими мен билан муомала қилишда конституциявий ҳуқуқларимни бузди деб ўйласангиз, албатта,  юристга мурожаат қилинг.

IV. Полиция ходими сизни ёки машинангизни тинтув қилишга ҳақлими?

Умуман олганда, полиция ходими машинангизни тўхтатганда сизни ҳеч қандай сабабсиз тинтув қилишга ҳаққи йўқ.  Лекин сизнинг машина ичидаги хатти-ҳаракатларингиздан шубҳаланган полиция ходими сизни тинтув қилишга ҳаққи бор.  Масалан, машинангизни тўхтатганингиздан сўнг машина ойнасидан бирор буюмни ташлаб юборишга ёки ҳайдовчи курсиси остига бирон нарсани беркитмоқчи бўлганингизни кўрса, тинтув қилишни талаб этиши мумкин. Юқорида айтиб ўтилгани каби, полиция ходими сизни тўхтатишга аҳд қилгандан кейин сизни синчковлик билан кузатишни бошлайди.

1. Машинадан фақат полиция ходими сиздан тушишни талаб қилсагина чиқинг

Полиция ходими машинангизни тўхтатганда машинадан чиқмаслигингиз керак.  Машинадан фақатгина полиция сиздан тушишни талаб қилгандагина чиқишингиз керак.  Полиция ҳайдовчи билан бирга машинада кетаётган барча йўловчиларнинг машинадан тушишини талаб қилиши мумкин.  Кўпинча бундай талаб полиция ходимининг ўз хавфсизлигидан хавотир олганда қилинади.

2. Полиция ходими ҳайдовчи ва йўловчиларни пайпаслаши мумкин

Ҳаммани машинадан тушишни буюришга ҳаққи бор бўлса ҳам, полиция ходими ўз ихтиёрига кўра ҳайдовчи ва йўловчиларни фақатгина пайпаслашга (инглиз тилида “pat down” дейилади) ҳаққи бор.  Машинани тинтув қилишга ҳаққи йўқ. Тинтувни амалга ошириш учун полиция ходимида жиддий сабаб бўлиши керак. АҚШ жиноят процессуал ҳуқуқида бунга “probable cause” дейилади. Оддий шубҳа бу талабни қондирмайди.  Полиция ходими машинангизда жиноий хатти-ҳаракатлар бўлаётганини кўриши ёки сезиши керак. Бу каби текширувларга ҳеч қачон жисмоний қаршилик кўрсатмаслигингиз керак.

3. Полиция талабларига бўйсунинг, жисмоний қаршилик кўрсатманг

Полиция ходимининг ҳар бир талабларини бажаришингиз керак.  Сизни ноқонуний равишда тинтув қилаяпти деб ўйласангиз ҳам, ҳеч қачон қаршилик кўрсатмаслигингиз керак.  Полиция ходими талабларини бажариб, ўз норозилигингизни фақат сўз билан дўқ урмасдан ифодалашингиз керак.  Хусусан, полиция ходими сизга “Сизни пайпаслаб, тинтув қилмоқчиман, илтимос машинадан тушинг” деганда буйруққа бўйсуниб,  тинтув давомида сукут сақлашингиз розилигингизни билдиради. Бундай вазиятларда полиция буйруғига бўйсуниб, полицияга “Мен тинтув қилишингизга рози эмасман” деб айтишингиз керак (“I do not consent to the search!). Унутманг, полиция ходимининг хатти-ҳаракатлари ноқонуний деб ўйласангиз ҳам, унга қаршилик, хусусан, жисмоний қаршилик кўрсатмаслигингиз керак.

4. Машинангиз тинтув қилинишига розилик берманг

Полиция ходимининг сизга “Машинадан тушинг!” (“Step out of the car!”) деган талабини бажариб, машинадан тушганингизда,  машина эшигини ёпиб қўйишга ҳаққингиз бор.  Умуман олганда, полиция ходими сизнинг рухсатингизсиз машина ичига кириб ўтириши ёки тинтув қилишга ҳаққи йўқ. Агар сиздан, “Машинангиз ичини кўздан кечирсам бўладими?” (“Can I search your car?”) деб сўраса, “Машинам ичини текширишингизга рози эмасман” (I do not consent to the search, officer!”) деб жавоб беришингиз керак. Худди шундай сумкангизни ёки бошқа буюмларингизни текширсам бўладими, деган саволларга ҳам шундай жавоб беришингиз керак.

Агар полиция ходими сиз розилик бермаслигингизга қарамасдан, жиддий сабабсиз (probable cause) тинтув ўтказса ва бунинг натижасида ноқонуний буюм топса ҳам, ишингиз судга оширилганда ҳимоячингиз топилган буюм далил сифатида қабул қилинмаслигини суддан сўраши мумкин (АҚШ жиноят ҳуқуқида бунга “motion to suppress the evidence” дейилади).

5. “Машинамда ноқонуний буюмлар йўқ, тинтув қилаверсин.”

Машинамда ноқонуний буюмлар олиб юрмайман, шунга полиция тинтув қилишига гапни кўпайтирмасдан рози бўлсам бўлмайдими деган савол туғилади.  Тинтув ўтказилиши учун розилик бериш бу сизнинг ихтиёрингиз, албатта. Аммо розилик беришдан олдин энг камида иккита ҳолатни ёдда тутишингиз керак. Биринчиси, тинтув мобайнида сизнинг буюмларингизга зарар етказилиши мумкин ва бу учун полиция маъсулиятни ўз бўйнига олмайди. Масалан, сумкангизни тинтиш мобайнида қўл телефонингиз ерга тушиб кетиб синди. Полиция ходими моддий зарарни қоплашга мажбур эмас, чунки сиз тинтув ўтказилишига розилик бердингиз. Иккинчиси, фараз қилайлик машинангизни сиздан бошқа дўстингиз ҳам бошқаради. У онда-сонда наша чекиб туради ва наша қолдиқлари (наша ўралган пакет, наша ўралган сигарета қолдиғи ва ҳоказо) машинада қолиб кетган. Бундан сизнинг хабарингиз йўқ, аммо ноқонуний модда ва/ёки буюм сиз бошқариб кетаётган машинада топилгани учун полиция ходими сизни ҳибсга олади.

* Мақола Flex Your Rights ташкилоти томонидан тайёрланган “Полиция билан муомала қилишнинг 10 қоидаси” (10 Rules For Dealing with Police) материалига асосланиб тайёрланди.

** Эслатма:  Ушбу маслаҳатлар АҚШда машинангиз полиция томонидан тўхтатилганда қандай ҳақ-ҳуқуқларга эга эканингиз ҳақида умумий маълумот бериш учун тайёрланди.  Маслаҳатлар расмий ҳуқуқий маслаҳат ўрнида ўтмайди.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*