Америкага иммиграция қилмоқчи бўлсангиз

Ҳар йили минглаб ватандошларимиз чет элга, ҳусусан АҚШга иммиграция қиладилар.  “Иммиграция” дейилганда чет элга доимий равишда кўчиб кетиш назарда тутилади.  Ғарб давлатларига истиқомат қилиш ва ишлаш учун кўчиб бориш илк қарашда завқли кўринса ҳам, кўп ҳолатларда бу жараён ўзига ҳос молиявий, руҳий, ва маънавий қийинчиликлар билан кечади.  АҚШда қарийб 11 йилдан бери яшаб, ишлаб келаётган ҳуқуқшунос сифатида, иммиграция қилиш билан боғлиқ бўлган қийинчиликларни камайтириш учун қуйидаги беш маслаҳатни беришим мумкин:

1.  Иммиграция қилишдан мақсад нима?

АҚШга келишдан олдин нима сабабдан иммиграция қилмоқчи эканлигингиз ҳақида жиддий фикр-мулоҳаза юритинг.  Масалан, Ўзбекистонда амалга ошириш мумкин бўлмаган орзуингиз бор бўлса, уни АҚШда рўёбга чиқаришингиз мумкинми? АҚШда касбингиз ва карерангиз учун қандай имкониятлар очилишига ишонасиз? Умуман олганда,  АҚШга иммиграция қилиш ҳаётингизга қандай мазмун қўшиши мумкин.

2. Инглиз тилини ўрганинг

Она тилимизда мулоқот қилиш кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми.  Аммо АҚШда тезроқ иш топиш учун инглиз тилини билишингиз шарт.  Ватандошларимиз бошидан кечирадиган энг асосий қийинчиликлар инглиз тилини билмаслик билан боғлиқ.  Университетга кириш, қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқиш, иш топиш, давлат органларига ҳужжатларни топшириш, фарзандларингизни мактаб ва боғчага қайд эттириш каби жараёнлар инглиз тилини билмаганлар учун қийин кечади. Шундай экан, АҚШга иммиграция қилишни мақсад қилганингиздан сўнг,  инглиз тилини ўрганишга бел боғланг.  Инглиз тилини бир оз билсангиз, уни янада мукаммаллаштиринг (масалан, инглиз тилида «Америкача» гапиришни ўрганинг [American English]).

3. Қайси касб-ҳунар билан шуғулланишингиз мумкинлигини ўйланг

Ўзбекистондаги касб-ҳунарингиз ёки мансабингиз, шу билан бирга АҚШга иммиграция қилишдан кўзлаган мақсадингиз нима бўлишидан қатъий назар, АҚШга келганингиздан кейин илк ойларда нима иш қилиб пул топишингиз ҳақида бош қотиринг. Ватандаги касбингиз АҚШда ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслиги мумкин.  Аксинча, Ўзбекистонда эътиборга эга бўлмаган ҳунарингиз, АҚШда тез иш топиб, яхши даромад топишингизга эшик очиши мумкин. Ёки бўлмаса,  қайси янги касбни ўрганиб,  шу соҳа бўйича ишлашга фикран тайёр бўлинг.

4. Танишларингиз билан маслаҳат қилинг

АҚШда сиз танийдиган кишилар истиқомат қилаётган бўлса, улар билан алоқага чиқиб, АҚШдаги ҳаёт ҳақида саволлар беринг, сизни қизиқтирган масалалар бўйича маслаҳат қилинг.  Ҳусусан, қайси штатда яшаш, илк этапда қаерда ва ким билан яшаш мумкинлиги,  иш топиш имкониятлари, фарзангларингиз учун яхши мактаблар жойлашган маҳаллалар ҳақида сўранг, маслаҳат олинг.

5. Ўта оғир ҳаёт шартларига маънан тайёр бўлинг

Олдингизга аниқ мақсад қўйдингиз, инглиз тилини биласиз, касб-ҳунарингизга ишонасиз,  шундай бўлган тақдирда ҳам АҚШда сиз кутмаган ва олдиндан ҳисоб қилишингиз мумкин бўлмаган талайгина жиддий муаммолар чиқади.  Масалан, иш тайёр, келавер, деб айтган дўстингизни АҚШга етиб келганингиздан кейин топа олмаслигингиз мумкин. Оила ва яқинларингиздан узоқда бўлиш осон кечмайди. Қийин кунларда Ўзбекистонда бўлгани каби оила, қариндош ва дўстларингиз кўмаги бўлмайди, барча муаммоларингиз билан ўзингиз юзма-юз қоласиз. Ўзбекистонда катта уйда истиқомат қилган бўлсангиз, АҚШда икки хоналик квартирага катта миқдорда кира тўлайсиз. Умуман олганда, АҚШдаги ҳаёт тарзи, иш ва меҳнат қилиш шартлари, ва оилавий ҳаётни эътиборга олинг ва улар сиз кутмаган муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигига маънан ва руҳан тайёр бўлинг.

Хуллас, Америкага иммиграция қилмоқчи бўлсангиз ҳеч бўлмаганда юқорида тилган олинган 5 маслаҳатга қулоқ тутинг. Албатта, ҳар бир кишининг шахсий ва/ёки оилавий ҳолатидан келиб чиқиб АҚШга иммиграция қилишдан олдин эътибор бериш керак бўлган ҳолатларнинг мазмун-моҳияти ҳам ўзгаради.

Сиз яна қандай маслаҳатларни берган бўлардингиз? Масаланинг амалий жиҳатлари билан боғлиқ бошқа саволларингиз борми? Шундай бўлса фикр-мулоҳазаларингизни қуйида қолдиришингиз мумкин.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*