
Kun.uz грин-карта анкетасини бехато тўлдириш бўйича йўриқномани тақдим этади. Унинг ёрдамида инглиз тилини билмаганлар ҳам фирибгарга учраб қолиш эҳтимолисиз, бепул ва мустақил тарзда рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Diversity Visa учун аризалар 2020 йилда 7 октябрдан 10 ноябргача қабул қилинмоқда. Ариза топшириш махсус сайт орқали, бепул амалга оширилади.
Электрон анкетани тўлдириш вақти – 30 дақиқа. Шу сабабли анкета тўлдиришни бошлашдан олдин:
- Хорижга чиқиш паспортингиз бўлиши керак (у қандай олинади?)
- Суратга тушинг (батафсил 8-бандда)
- Почта индексингизни аниқлаб олинг (батафсил 9-бандда)
- Электрон почтангиз бўлмаса, очиб олинг (батафсил 12-бандда)
- Браузерингиз янги экани ва интернет барқарор ишлаётганига ишонч ҳосил қилинг.
Барчаси шай бўлса, dvprogram.state.gov сайтига кириб, Begin Entryяшил тугмасини босинг. Кейинги саҳифада сиздан суратдаги ҳарф ва рақамларни киритиш сўралади. Капчани ўқий олмасангиз, унинг ўнг ёнидаги тугмани босиб, янгилашингиз мумкин. Бу сизнинг «дастурий робот» эмаслигингизни исботлаш учун керак.
Анкетага киритиладиган барча маълумотлар хорижга чиқиш паспортингиздаги билан айнан бир хил бўлишига эътибор беринг. Қуйида анкетадаги саволларнинг тартиб рақами бўйича тўлдириш кўрсатмаларини санаб ўтамиз.
Анкета тўлдиришда сўзларни тўлиқ бош ҳарфда (ESHMAT) ёки фақатгина биринчи ҳарфини (Eshmat) бош ҳарфда ёзиш мумкин, бу аҳамиятсиз. Муҳими, фақат лотин ҳарфларидан фойдаланиш зарур.
1. Last/Family Name – фамилия; First Name – исм. Middle Name – иккинчи исм, бу ўзбекистонликларга тааллуқли эмас, шу сабаб No Middle Name дея белгилаш лозим.
2. Жинсингизни кўрсатинг: Male – эркак; Female – аёл.
3. Туғилган сана (рақамларда киритилади): Month – ой, Day – кун,Year– йил. Эътибор беринг, биринчи бўлиб ой ёзилади.
4. Сиз туғилган шаҳар. Фақатгина шаҳар ёки аҳоли пункти номи лотин алифбосида ёзилади. Вилоятни кўрсатмаслик керак. «тумани», «шаҳри» каби сўзлар шарт эмас. Жойнинг ҳозирги вақтдаги номи кўрсатилади.
Агар туғилган шаҳрингиз номаълум бўлса, Birth City Unknown (Туғилган шаҳри маълум эмас) катакчасини белгиланг.
5. Сиз туғилган мамлакат. Рўйхатдан Ўзбекистонни танлаймиз (Uzbekistan).
6. Ўзбекистонда туғилган Ўзбекистон фуқаролари олтинчи бандга тегмай ўтиб кетишлари мумкин (Yes катакчаси автоматик белгиланиб туради). Бу банд туғилган давлати лотереяда қатнашадиган давлатлар рўйхатида бўлмаган шахслар учун.
7. Паспорт маълумотлари. 1-банддаги каби исм ва фамилиянгизни киритиб, No Middle Name катагини белгилайсиз.
- Passport Number‘га хорижга чиқиш биометрик паспортингиз серия ва рақами;
- Passport Expiration Date‘га паспортнинг амал қилиш муддати (ой, кун, йил тартибида – яна эътибор беринг, паспортдагидан фарқли равишда, анкетанинг бу ерида ҳам биринчи бўлиб ойни кўрсатиш керак);
- Country/Authority of Issiance –паспорт берилган мамлакатга Ўзбекистонни кўрсатинг.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар 7-банднинг «B» қисми катакчасини белгилаб, биринчи вариантни (Stateless – фуқаролиги йўқ) танлайдилар.
8. Фотосурат. Ўзингизнинг охирги 6 ой ичида тушган суратингизни жойланг. Суратга қўйиладиган талаблар талайгина, шу боис энг яхшиси – суратхонага бориб, сураткашга грин-карта учун расмга олиб қўйишини сўраш.
Олинган расмни қуйидаги расмий сайтда келтирилган намуналарга мослигини текширинг. Барчаси кўнгилдагидек бўлса, расмни флешкангиз, телефонингиз ёки Telegram’ингизга ўтказиб олинг.
Эслатиб ўтамиз, расмга камерага қараб, оқ ёки бошқа очроқ рангдаги фонда, кўзойнак ва кепка каби юзни тўсувчи деталларсиз тушиш керак. Расмга соя тушиб турмаслиги зарур. Агар рўмолда бўлсангиз, рўмол юзингизни тўсиб турмаслигига эътибор қилинг.
Суратнинг техник кўрсаткичларига келсак, фото JPEG форматда, максимал 240 КБ ҳажмда, ўлчами 600×600дан 1200×1200гача пиксел оралиғида, 24 бит ранг чуқурлигида бўлиши керак.
9. Почта манзили. Бу сизнинг ёки бирор яқинингизнинг манзили бўлиши мумкин. Манзил сифатида истаган давлатингизни белгилашингиз мумкин.
- In Care Of – бу ерга почта манзилидаги шахснинг исми ва фамилияси ёзилади. Унга ўзингизнинг исм-фамилиянгизни ёзсангиз ҳам бўлади.
- Address Line 1 – ушбу бандда кўча номи, уй ва хонадон рақами кўрсатилади. Почта индекси кўрсатилмайди. Иккинчи қатор (Address Line 2) жой ёки кўча номи биринчи қаторга сиғмаганда ёзиш учун ишлатилади; агар сизда биринчи қаторга сиққан бўлса, бу қатор бўш қолдирилади.
- City/Town – яшаш жойининг номи.
- District/Country/Province/State – туман / ўлка / вилоят / округ (штат) номи. Агар Тошкент шаҳрида яшасангиз, бундан олдинги бандда уни кўрсатган бўласиз, лекин бу катак бўш қолиши мумкин эмас, шу боис иккинчи марта Тошкент деб ёзиб қўясиз. Қолган барча шаҳар ва туманлар эса қайсидир бир вилоят ёки Қорақалпоғистон Республикаси таркибига киради.
- Postal Code/Zip Code– почта индекси. Почта индексини «Ўзбекистон почтаси» расмий сайтининг ушбу саҳифасида келтирилган қуйидаги файл (архивланган excel-файл) орқали билиб олишингиз мумкин. Агар сиз яшайдиган жойнинг почта индекси бўлмаса, No Postal Code/Zip Code катакчасини белгилаб қўясиз.
10. Country Where You Live Today – Сиз ҳозир яшаётган мамлакат. Рўйхатдан ўтаётган вақтингизда қайси давлатда яшаётганингизни кўрсатиш зарур.
11. Phone Numer –телефон рақамингизни халқаро форматда киритинг. Масалан, +998901234567.
12. E-mail. Биринчи қаторга электрон почта манзилингизни, иккинчи қаторга шу манзилни қайтадан кўчириб ёзинг. Электрон почтангиз бўлмаса, Google, Yandex кабилардан 1-3 дақиқа ичида очиб олишингиз мумкин.
13. Бугунги кун ҳолатига сиз эгаллаган таълимнинг энг юқори даражаси қайси? Кўрсатилган вариантлардан бирини танлаш лозим.
• Primary school only – фақат бошланғич мактаб
• High School, no degree – ўрта мактаб, лекин шаҳодатномаси йўқ
• High School, degree – ўрта мактаб, шаҳодатномага эга
• Vocational School – касб-ҳунар коллежи
• Some University Courses – тўлиқсиз олий (бакалавриат талабалари шу бандни танлашади)
• University Degree – олий маълумот (бакалавр даражасига эга фуқаролар учун)
• Some Graduate Level Courses – бир қанча магистратура даражасидаги курслар (магистратура талабалари шу бандни танлашади)
• Master’s Degree – магистр даражаси
• Some Doctorate Level Courses – Тугалланмаган аспирантура/докторантура (аспирантура ва докторантура тадқиқотчилари шу бандни танлашади)
• Doctorate Degree – докторант даражаси
14. Оилавий ҳолатингиз. Кўрсатилган вариантлардан бирини танлаш лозим.
- Unmarried – Ҳеч қачон турмуш қурмаганман.
- Married and my spouse is NOT a U.S. citizen or U.S. Lawful Permanent Resident (LPR) – Оила қурганман, турмуш ўртоғим АҚШ фуқароси эмас ёки АҚШда яшаш ҳуқуқига эга эмас.
- Married and my spouse IS a U.S. citizen or U.S. Lawful Permanent Resident (LPR) – Оила қурганман, турмуш ўртоғим АҚШ фуқароси ёки АҚШда яшаш ҳуқуқига эга. Ушбу икки банддан бирини сиз турмуш ўртоғингиз билан анчадан бери яшамаётган бўлсангиз-у, лекин қонуний никоҳ мавжуд бўлганда ҳам белгилайсиз, ҳаттоки никоҳингиз бекор қилиниш босқичида-ю, лекин ариза тўлдираётган вақтингизда никоҳ ўз кучида бўлса ҳам.
- Divorced – Ажрашганман.
- Widowed – Турмуш ўртоғим вафот этган.
- Legally Separated – МДҲ давлатларида Legally Separated ҳолатининг юридик асоси йўқ, шу боис бу бандни белгилаш суҳбат жараёнида аризани рад этишга сабаб бўлиши мумкин.
Агар сиз шаръий никоҳ билан яшаётган бўлсангиз-у, лекин ҳали қонуний никоҳдан ўтишга улгурмаган бўлсангиз, Marriedбандини танлай олмайсиз. Биринчи турмушига унаштирилганлар ҳам Unmarried бандини ташлаши зарур.
15. Number of Children – фарзандлар сони. Бу ерга 21 ёшга тўлмаган барча фарзандларингиз сонини (никоҳдаги фарзандингиз бўлиши шарт эмас) кўрсатасиз. Фақатгина АҚШ фуқароси ёки у ерда доимий яшовчи фарзандингиз ҳисобга киритилмайди. Ушбу бандга фарзандларингиз сонини рақам билан ёзасиз; агар фарзандингиз бўлмаса, ноль ёзасиз.
Ушбу бандда хотинингиз/эрингизнинг аввалги никоҳидаги фарзандларини ҳам ёзасиз (21 ёшга тўлмаганларини). Хотинингиз/эрингизнинг ўзи боқиб олган фарзандини кўрсатиш шарт эмас, уни ўша аризачининг ўзи кўрсатади.
Шундан сўнг ёзганларингизни бир текшириб чиқинг ва Continue (Давом этиш) тугмасини босинг.
Турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингизни кўрсатган бўлсангиз, аризанинг иккинчи қисми очилади. Иккинчи қисмга уларнинг маълумотларини юқоридаги каби тўлдириб чиқасиз. Ҳар ким учун ўзининг расми бўлиши шарт.
Агар турмуш ўртоғингизнинг ўзи ҳам лотореяда қатнашишни истаса, алоҳида анкета тўлдиради. Иккинчи қисмга эса сизнинг маълумотларингизни ёзади. Бундай ҳолатда ютиш эҳтимоли ортади.
Барча жараёнлар тугаганидан сўнг, Continue тугмаси босилади. Шундан сўнг очилган саҳифа орқали сиз анкетани бир қатор кўздан кечириб чиқишингиз лозим. Хатоликлар бўлса, ортга қайтиб, тўғирлаш мумкин.
Барчаси жойида эканига ишонч ҳосил қилганингиздан сўнг, яшил рангли Submitтугмасини босасиз. Анкета муваффақиятли тўлдирилгани ҳақидаги саҳифа очилади. Бу саҳифада исм-шарифингиз, анкета тўлдирилган сана, натижани текшириш коди (16 белгидан иборат) жой олган. Аввалига дарҳол саҳифани телефонингиз ёрдамида расмга тушириб олинг. Шундан сўнг саҳифа юқорисидаги Print (Чоп этиш) тугмаси орқали принтердан чиқаришингиз ёки кодни бирор ишончли жойга ёзиб олишингиз зарур.
Лотерея натижалари 2021 йил 8 май куни dvprogram.state.gov сайтида эълон қилинади. Танланган аризачилар кейинги босқичлардан ўта олса, 2022 йилда АҚШга кўчиб кетиши мумкин бўлади.
Manba: https://kun.uz/00175386?fbclid=IwAR21Sq2X0bmfSfQIiLOW3WIvlVPK0KIq0936ZpYbh1vIDYNAnrOC-sy_Ybs
Be the first to comment